Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 январдаги ПҚ-3457-сон «Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган.
Мазкур қарорга кўра, Агентлик ўз фаолиятини спортда допинг қўлланилишининг олдини олиш ва допингга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенция, Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва бошқа халқаро антидопинг стандартлари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг тавсия ва таклифларини инобатга олган ҳолда олиб бориши белгилаб берилган.
Агентлик ўз фаолиятини 2018 йил 23 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги тўғрисида»ги Низоми асосида юритади. Ушбу Низомда агентликнинг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, масъулияти, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартиби, шунингдек, Агентлик раҳбарининг функционал вазифалари ва масъулияти белгиланган.
2021 йил 6 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5057-сон «Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Агентлик фаолияти янги босқичга олиб чиқилди ҳамда моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майда қабул қилинган ПҚ-149-сон «Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори Агентлик фаолиятида туб ўзгаришларни бошлаб берди. Ушбу қарор асосида Миллий антидопинг агентлиги Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги этиб қайта ташкил этилди ҳамда агентликнинг устувор йўналишлари, ташкилий тузилмаси, фаолиятини трансформация қилиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Мазкур қарорга кўра, қуйидагилар Миллий антидопинг агентлиги фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланган:
а) спортда допинг қўлланишининг олдини олиш ва допингга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
б) Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва халқаро антидопинг стандартлари асосида миллий антидопинг қоидалари ҳамда соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уни такомиллаштириш бўйича таклифлар бериш;
в) олимпия ва ноолимпия спорт турлари бўйича спортчилардан мунтазам равишда допинг-синамаларни олиш ва текшириб бориш;
г) антидопинг назоратининг самарали тизимини қўллаган ҳолда фармакологик таъсир кўрсатувчи доривор воситалар ва бошқа моддаларнинг спортда қўлланишини назорат қилиш;
д) допинг-синамалар ва допинг назоратининг бошқа элементларини ташкил этиш, мамлакат спортчилари ҳақида маълумотларни тўплаш ва сақлаш учун мўлжалланган антидопинг маъмуриятчилиги ва менежмент (АДАМС тизими) бўйича онлайн тизимни қўллаш;
э) антидопинг назорати соҳасида илғор услублар ва технологияларни ўзаро алмашиш ҳамда уларни жорий қилиш учун етакчи хорижий ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш;
ж) спорт федерациялари, клублари ва жамоалари тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга кўмаклашиш, уларга спортда допинг қўлланишининг олдини олиш ва антидопинг назоратини амалга ошириш борасида услубий ёрдам кўрсатиш, таълим дастурларини реализация қилиш, соғлом ва ҳалол спортни тарғиб қилиш;
з) жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг антидопинг назорати соҳасида ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш.