Аввал хабар берганимиздек Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ходимлари водий бўйлаб хизмат сафарида бўлиб турибди.
Дастлаб, Фарғона Олимпия захиралари коллежи ўқувчи ва мураббийлари учун допинг тарихи ва унинг организмига таъсири тўғрисида ўқув-семинар ўтказилган бўлса, навбатдаги манзил Андижон Олимпия захиралари коллежи бўлди.
Бу ерда юзга яқин бўлажак чемпионларга Агентликнинг Антидопинг таълим дастурлари бўлим бошлиғи доцент З. Газиева томонидан «Допинг таъсири ва асорати» мавзусида семинар ўтказилди.
Ўқув-семинарда допинг гуруҳига кирувчи симпотамиметикларнинг таъсири, асоратлари тўғрисида таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, анаболик стероидларнинг таъсирида жиддий гормонал ўзгаришлар юзага келиши бунинг натижасида спортчининг жинсий фаолиятида бепуштлик юзага келиши ва бу жараён ортга қайтмаслиги тушунтирилди.
Қолаверса, спортчининг допинг тест синамаларида тақиқланган модданинг аниқланишига фақат у жавобгарлиги уқтирилди ва керакли тавсиялар берилди.