Сўнги йилларда мамлакатимизда волонтёрлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги 2019 йил 2 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳам қабул қилинган. Бундан ташқари, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ҳам ташкил этилгани сўзимиз исботидир.
Волонтёрлар таркиби асосан ёшлардан ташкил топган бўлиб, улар коллеж, лицей ва ОТМ талабалари орасидан иқтидорлилари саралаб олинади ҳамда республикамиз бўйлаб ўтказилаётган оммавий маданий ва спорт тадбирларини ташкил қилишда жонбозлик кўрсатишади.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлигида допинг назорати инспектори ёрдамчиси ўқув-курсини муваффақиятли тамомлаган ҳамда жорий йилнинг 5-7 март кунлари “Ҳумо арена” муз саройида дзюдо бўйича халқаро “Тошкент катта дубулға” турнирида фаолият олиб борган бир гуруҳ волонтёрларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон Турсунов, агентлик директори ўринбосари Нигора Азаматова, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси раиси Ширин Обидова ҳамда волонтёр ёшлар иштирок этишди.
“Сизларга кўрсатаётган ёрдаминглар учун Миллий антидопинг агентлиги қолаверса, ўз номимдан миннадорчилик билдираман. Бу ҳали бошланиши келгусида ҳам сизлар билан самарали ҳамкорликни давом эттирамиз”, - деди Нодиржон Турсунов.
Тадбир якунида волонтёр ёшларга ташкилот томонидан ташаккурномалар тақдим этилди.