Барча спорт иҳлосмандиларига маълумки Лондон-2012 олимпиадасида ҳамюртларимиз натижалари Пекиндагиси билан таққосланганда, бироз камтарроқ бўлганди.
2012 йил Англиянинг Лондон шаҳрида бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида 50 дан ортиқ спортчи 20га яқин спорт турида юртимиз шарафини ҳимоя қилганди. Ушбу мусобақада ҳамюртларимиз Артур Таймазов (эркин кураш) олтин, Ришод Собиров (дзюдо) ва Аббос Атоев (бокс)лар бронза медалларини қўлга киритишган эди.
Бир неча кун аввал Лондон-2012 олимпиадасидаги медалларимизга яна бир медаль қўшилди. Бир неча ой аввал хорижий манбаларда рақибларнинг допинг таҳлилидан мусбат натижа чиққач, ҳамюртимиз оғир атлетика бўйича Иван Ефремевга Лондон-2012 Олимпиадасининг бронза ва Долера Давроновага эса Буэнос-Айрес-2018 ўсмирлар Олимпиадасининг кумуш медали топширилиши ҳақида хабарлар тарқалган эди ва медаллар Ўзбекистонга етиб келди ҳамда ўз эгаларига топширилди.
Бундай қонунбузарликларни аниқлашда албатта ҳалол спорт тарафдори бўлган ташкилотларнинг ўрни беқиёсдир. Ҳозирги кунга келиб спорт ривожланган барча мамлакатларда шундай ташкилотлар фаолият олиб бормоқда. Жумладан, 200 га яқин мамлакатда миллий антидопинг ташкилотлари мавжуд. Бу давлатлар ЮНЕСКОнинг спортда допингга қарши конвенциясини имзолаган давлатлар ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам 2010 йилда мазкур конвенцияни имзолаган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 февралда тегишли қарори билан мамлакатда ҳалол спорт тарғиботини олиб борувчи Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигини фаолияти йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги (ЎзМАДА) давлат органи ҳисобланади ва спортда допинг қўлланилишининг олдини олиш ҳамда допингга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини таъминлайди ва амалга оширади. ЎзМАДАнинг асосий вазифаси спортчиларнинг допингсиз мусобақаларда қатнашиш учун асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.
Эслатма! Антидопинг қоидаларини бузган спортчилар, мураббийлар, шифокорлар ва бошқа шахсий таркиб вакиллари учун жазо муқаррардир!.
ЎзМAДА
Матбуот хизмати