Қуйида сизларга тақиқланган модда ва услубларни текшириш, маиший гиёҳванд моддалардан четлаб ўтиш, озуқий қўшимчалар ва спорт озуқаларини истеъмол қилишда огоҳ бўлиш ҳамда айрим хасталикларда терапевтик қўллаш учун рухсат олиш каби фойдали маслаҳатларни бериб ўтмоқчимиз.
Фаолиятингиз узоқ ва муваффақиятли давом этиши учун допинг тўғрисида имкон қадар кўпроқ маълумотга эга бўлинг. Жамоа шифокори ёки маълумотлар базаларидан, масалан, дори-дармонлар бўйича глобал онлайн қўлланмадан (www.globaldro.com) керакли маълумотларни олинг. Сизга шифокорингиз томонидан буюртирилган дорини доим қайта текширишга одатланинг. Чунки ҳамма спорт шифокорлари ҳам антидопинг қоидалари ва ВАДА Бутунжаҳон антидопинг кодексидаги янгиликлардан бехабар бўлиши мумкин.
ВАДАнинг тақиқланган рўйхати.
ВАДА томонидан тақиқланган рўйхат барча спортчилар учун ҳаётий манба бўлиб, унда спортда қўлланилиши тақиқланган моддалар (субстанциялар) ва моддалар келтириб ўтилган. У ёки бу дори воситасини қабул қилишдан аввал уни доим рўйхат билан солиштиринг. Агарда препарат ва сироплар бўйича сизда шубҳа пайдо бўлса бизга – Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигига мурожаат қилинг.
Тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилинг!
Ўз вақтида ва тартиб билан овқатланишнинг ўзи ишчанлигингизни яхшилаб, танангизни барча зарур озуқий моддалар ва қувват билан таъминлайди.
Озуқий қўшимчалар ва спорт озуқаларини ўта эҳтиёткорлик билан истеъмол қилинг!
озуқий қўшимчалар ва спорт озуқаларини ўта эҳтиёткорлик билан истеъмол қилинг ва улар 100% ишончли бўлмаса, улардан воз кечинг. Қўшимчаларга тасодифан ёки атайин турли тақиқланган моддалар аралашган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, истеъмол қилган барча нарсалар учун сиз масъул бўлиб, тегишли жавобгарликка тортилишингиз мумкин. Шифокор маслаҳатисиз ҳеч қачон турли модда ёки қўшимчадан фойдаланманг ва тасодифий допинг истеъмолидан ўзингизни асранг.
«Маиший» гиёҳванд моддалардан эҳтиёт бўлинг!
«Маиший» гиёҳванд моддалар, жумладан марихуана, наша, героин ёки кокаин, Сизнинг саломатлигингиз учун ўта хавфли бўлиб, фаолиятингиз ва шахсий ҳаётингизга катта зиён келтиради. Бу моддалар мусобақа даврида тақиқланган бўлиб, истеъмол қилгандан сўнг танангизда узоқ вақт давомида сақланиб қолиши мумкин.
Анаболик стероидлар нима?
Анаболик стероидлар кўпинча соч тўкилиши, ҳуснбузарлар тарқалиши, эркакларда тухумчалар қисқариши ва кўкрак безлари катталашиши, эрта юрак хасталиклари ва психологик ножўя таъсирларининг ривожланишига олиб келади.
Барча спортчилар билиши лозим!
Спортчининг турар жойи тўғрисида маълумот допинг истеъмолчиларини аниқлаш ва тоза спортни таъминлашнинг муҳим омилидир. Тест олиш учун белгиланган жой ва вақтда, ҳафта давомида, барча мусобақа ва машғулотлар жараёнида доим мавжуд бўлинг. 12 ойлик давр мобайнида уч марта тест олишни ўтказиб юборган тақдирингизда сизга нисбатан интизомий жазо (санкция) қўлланилиши мумкин. Агар сиз тест олиш рўйхатига киритилган бўлсангиз, турар жойингиз тўғрисида маълумотни мунтазам тақдим этиб боринг.
Допинг назоратдан ўтиш.
Ҳеч қачон тест топширишдан қочманг, бўйин товламанг ва синамани қалбакилаштиришга уринманг. Тест синамасини қалбакилаштириш, алмаштириш ёки йўқ қилиш, тест топширишдан қочиш ёки бўйин товлаш – бу антидопинг қоидаларини қўпол равишда бузишдир.
Терапевтик қўллаш.
Агар соғлиғингизда жиддий муаммолар бўлса, сиз тақиқланган модда ёки услубни терапевтик қўллаш учун рухсат олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин. Бунда асосий шарт шуки, даволаш спорт натижаларингизни юксалтирмаслиги ва бошқа альтернатив даво услуби мавжуд бўлмаслиги лозим.
Допинг – бу фирибгарлик. Ўзингизни ва жамоадошларингизни ҳурмат қилинг, улардан кўпроқ ўзингизни ҳурмат қилинг. Унутманг, фақат мард курашган спортчи ҳақиқий ғолибдир.
Эслатма! Антидопинг қоидаларини бузган спортчилар, мураббийлар, шифокорлар ва бошқа шахсий таркиб вакиллари учун жазо муқаррардир!.
ЎзМАДА
Матбуот хизмати