Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ва Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Қарийб тўрт йилдан бери давом этиб келаётган анъанага кўра, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари институт раҳбариятининг яқин ҳамкорлигида бу ерда тингловчилар билан мунтазам равишда учрашувлар уюштириб келишади. Ушбу учрашувлар асосан семинар ва очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, допингга қарши курашнинг долзарб муаммоларига бағишланади.
Куни кеча ўтказилган одатдаги антидопинг семинари ҳам шулар жумласидандир. Унда турли вилоятлардан келган спорт мактаблари директор ўринбосарлари иштирок этишди.
Галдаги семинарни Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон Турсунов олиб борди ва тадбир иштирокчиларига замонавий спортда допинг муаммоси, жамиятимизда "допингдан холи муҳит"ни яратиш зарурлиги ҳамда Токио-2020 ўйинларига тайёрланишда лицензия олган ўзбекистонлик спортчилар билан антидопинг таъминоти борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Бундай семинарларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад пойтахтимиздаги балки чекка ҳудудлардаги спорт таълим муассасалари мураббий ва раҳбарларига допинг ҳақида кенгроқ тушунчалар бериш ҳамда улар орқали бўлажак спортчиларни тарбиялашдан иборатдир.
ЎзМАДА
Матбуот хизмати