Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон Турсунов 44 ёшни қарши олди.
Нодиржон Турсунов 1977 йил 21 май куни Тошкент шаҳрида туғилган. Олий маълумотли, 2001 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институтини, 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. 300 яқин илмий мақола, дарслик, қўлланма, ихтиро ва рационализаторлик таклифлари муаллифи.
Н.Турсунов “Ўзбекистон белгиси”, “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” ҳамда “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Спорт тиббиёти соҳасида 2014 йилда Халқаро паралимпия қўмитаси спорт шифокори (IPC Medical Classifier Certificate) 2015 йилда эса Халқаро тоифадаги допинг назоратчи (IL Doping Control Oficcer) ҳисобланади.
Нодиржон Ботирович меҳнат фаолиятини 2001 йил Тошкент педиатрия тиббиёт институти травматология, ортопедия ва нейрохирургия кафедраси аспиранти сифатида бошлаган. Кейинчалик Тошкент шаҳар 14-сон болалар жарроҳлик шифохонаси шифокори травматолог-ортопеди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Кадрлар билан ишлаш бошқармаси бош мутахассиси, Республика врачлик-жисмоний тарбия диспансери бош шифокори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги спорт тиббиёти ва допинг-назорати бўйича бош консультанти, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти спорт тиббиёти, гастроэнтерология ва физиотерапия кафедраси доценти, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси терма жамоалари спорт шифокори, шифокор-классификатори, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт тиббиёти ва даволовчи жисмоний тарбия кафедраси мудири сифатида ишлаган.
2016 йилда эса Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази доценти сифатида фаолият олиб борган ҳамда 2018 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги бош директори лавозимига тайинланган ва ҳозирда самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Н.Турсунов шу кунга қадар қайси жамоада меҳнат қилмасин, ходимлар орасида юксак ҳурмат ва эҳтиромга эга бўлган. Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги жамоаси Турсунов Нодиржон Ботировични бугунги таваллуд айёми билан самимий муборакбод этган ҳолда у кишига узоқ умр, мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва меҳнат фаолиятида ҳамиша омад ёр бўлишини тилайди!