Хабарингиз бор жорий йилнинг 4-6 июнь кунлари мамлакатимиз яна бир нуфузли мусобақага мезбонлик қилади. Пойтахтимиздаги “Универсал” спорт мажмуасида ўтказиладиган Осиё чемпионатига вакилларимиз ҳам жиддий тайёргарлик олиб боришмоқда.
Ўзбекистон самбо ассоциацияси томонидан ушбу қитъа биринчилигини юксак савияда ташкил этиш бўйича қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Мусобақага нафақат ташкилий жиҳатдан жиддий эътибор берилмоқда, қолаверса, спортчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ҳам кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда. Шу мақсадда айни пайтда терма жамоа аъзолари Чирчиқ шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб боришмоқда.
Мазкур мусобақада допинг синамаларни олиш Миллий антидопинг агентлигига ишониб топширилган. Шу сабабли бугун агентлик ходимлари спортчилар билан учрашув ўтказишди.
Агентликнинг Антидопинг қоидабузарликлари ва АДАМС мониторинги бўлими бошлиғи Нигора Азаматова ҳамда Допинг тестларни режалаштириш ва терапевтик истесно бўлими бошлиғи Гулноза Турсуновалар спортчиларга АДАМС тизимини қандай ишлатиш, допинга тушиб қолмасликни олдини олиш бўйича тушунтиришлар беришди. Шунингдек, спортчи ва мураббийларга тарқатма материаллар ҳам туҳфа этилди.
Миллий антидопинг агентлиги эртага яни 4 июнь куни старт оладиган Осиё чемпионатида барча спортчиларга омад ёр бўлишини тилаб қолади!
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати