Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги расман 2018 йилдан ўз фаолиятини бошлаган.
ЎзМАДА спортда допинг ишлатилишига қарши курашиш, спортчиларнинг соғлиғини сақлаш ва уларнинг допингсиз мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда антидопинг қоидаларининг бузилишини аниқлаш ва олдини олиш каби вазифалар билан шуғулланади.
ЎзА мухбири Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон Турсуновни допинг тизими ва мамлакатни допингдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида амалга оширилаётган масалалар бўйича суҳбатга чорлади.
- Допинг нима, уни қандай хусусиятлари мавжуд?
- Допинг – бу мусобақа муваффақиятларини ва спорт натижаларини ошириш мақсадида организмга ёд моддаларни одатдан юқори миқдорда ва турли йўллар билан сунъий ва ноҳақ равишда спортчи организмга юборилган моддага – допинг дейилади. Инсон организмининг фаолиятини сунъий қўзғатувчи воситалар допинг модда ёки услуби ҳисобланади. Допингни инсон организмига кўрсатадиган таъсирлар ҳам мавжуд. Кўпчиликка маълумки, спортда, айниқса катта спортда допингни истеъмол қилиш билан боғлиқ турли можаролар мавжуд. Бунинг сабаби, бир томондан спортчилар тақиқланган моддаларга нисбатан кўпроқ мурожаат қилиши бўлса, иккинчи томонидан, допинг ҳолатлари тез фурсатда ошкора қилиниши, шунингдек антидопинг лабораторияларининг аниқлаш услублари аввалги йиллар билан солиштирганда янада мукаммаллашиб боришидадир.
- Шу ўринда савол туғилади. Спортда допингга қарши самарали курашса бўладими?
- Албатта, бўлади. Бу «серқирра» муаммони кескин камайтириш ва деярли йўқ қилиш фақат ўзимизнинг – спорт аҳли ва кенг жамоатчиликнинг қўлида. Бунинг учун биринчи навбатда, «Замонавий ўзбек спортининг ютуқларини кўролмайдиганлар талайгина, улар бизнинг спортчиларга қарши фитналар уюштириб, уларни допингда айблаб туҳмат қилиб юришибди» каби исботини топмаган фикрдан қайтиш ва вазиятни танқидий таҳлил қилишимиз лозим.
Масаланинг асосий моҳияти шундаки, ўзига ишонган, табиий кучи эвазига ғалабаларга эришиб келаётган ҳалол спортчини ҳеч ким ва ҳеч қайси ташкилот «допингчи» деб асоссиз айблолмайди. Алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим, худди шу фикрда бўлиб, аслида соҳада тизимли камчиликларни тан олмай ўзининг касбий қобилиятсизлигини яшириш мақсадида бизга яқин қўшни давлатлардан бири мана етти йилдан бери масалани конструктив ечимидан кўра, уни сиёсийлаштиришни афзал кўрмоқда. Ваҳоланки, ушбу давлатнинг спортчилари ва спорт мутасаддиларига қарши қўйилган барча айбловлар бўйича ишлар мутлақ мустақил бўлган Олий спорт арбитраж судигача бориб, ўз тасдиғини тўлиқ топган.
Шунингдек, бошқа соҳалар каби, спорт соҳасида ҳам турли туман, лекин спортга бевосита алоқаси йўқ манфаатлар ва уларни қондириш йўлида содир этилаётган коррупцион ҳаракатларга қарши курашиш лозим. Бу маънода қанчалик ҳайратланарли туюлмасин, аммо допинг муаммоси ва коррупциянинг чамбарчас боғлиқлиги мавжуд. Буни «спортчи – мураббий – спорт федерацияси» занжири мисолида кузатишимиз мумкин: нафақат йирик ғалабага эришган спортчи, балки унинг мураббийи ва тегишли спорт федерациясининг раҳбар ходимлари давлатимиз томонидан эътиборга олиниб, уларга турли мукофотлар, қимматбаҳо буюмлар, унвону даражалар, имтиёзу имкониятлар тақдим этилади. Агар спортчи ушбу ғалабасини допинг ҳисобига қўлга киритган бўлса, у Бутунжаҳон антидопинг кодексига асосан маълум муддатга спортдан четлаштирилади холос, лекин у ва унинг атрофидаги шахслар давлатни алдаганича қолавериб, ҳеч қандай жавобгарликка тортилмай қоляпти. Натижада, «юксак» мақсад йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслик, давлат ва жамият манфаатларини четга суриб ўзининг шахсий манфаатларини юқори қўйиш кайфияти устунлик қила бошлаяпти.
- Спортда коррупциянинг пайдо бўлишига сабаб бўлувчи омиллар нималардан иборат деб ўйлайсиз?
- Бугун коррупция ҳақида қанча кўп гапирмайлик, ҳар қандай жамиятда коррупцияга қарши курашнинг оддий ечими бор. Мамлакатда қонунлар ва жавобгарлик ҳаммага тенг бўлиши, ҳеч ким жазодан яширилмаслиги, аялмаслиги ва шунчаки кечирилмаслиги керак.
Мавжуд қарашларга кўра, спортда коррупциянинг пайдо бўлиши омиллари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
инсоннинг шахсий ғаразлари. Мукофоту унвонлар, уларнинг кетидан турли имтиёз ва имкониятлар, тезроқ ва кўпроқ шон-шуҳрат, бойликни қўлга киритиш. Яъни нафс омили;
спортчи, мураббий ва спорт мутасаддиларида асл ватанпарварлик ва ахлоқий туйғулар пасайиб кетиши. Бунда спортнинг тарбиявий омили издан чиққани ҳам коррупция пайдо бўлишига замин яратади;
спортчи, мураббий ва спорт мутасаддиларининг фасодга бепарволиги ва унга бутунлай кўникиб кетиши, яъни «ҳозирги спортда спортчи ўзининг юксак маҳорати, матонати ва интилиши эвазига эмас, балки допинг истеъмол қилиши орқали ғалаба қозониб, ишини битиради, биз ҳам шундай қилмасак, мақсадимизга эришмаймиз» деган тушунчанинг ҳукм суриши;
коррупцияга йўл очиб берувчи бузуқ муҳит. Бу спортга тегишли регламент, тартиб ва қоидалар, масалан, спортчини терма жамоа таркибига киритиш, уни нуфузли йирик спорт мусобақасида иштирок этиш учун саралаш каби қоида ва бошқа тартиблардаги бузуқлик ва яратилган имкониятлардан ҳамма спортчилар тенг фойдаланолмаслиги, бунинг учун шаффоф имконият берилмагани. Тегишли меъёрий ҳужжатлар одатда чиройли ёзилган бўлсада, улар тўлиқ ишламайди ёки улар устидан ижтимоий назорат йўқ ёки мутасаддилар томонидан эътибор нисбатан суст.
- Билиб ёки билмасдан допингга тушиб қолиш ва тизимли равишда шаклланиб бораётган тақиқланган моддаларни истеъмол қилиш ҳолатлари ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Мамлакатимиз аҳолиси сингари спортчиларимизнинг аксарияти ислом динига эътиқод қилишини инобатга олсак, юқоридаги салбий омиллар қораланганлиги ҳақида барчада тушунча мавжуд. Шунга қарамасдан, допингдан фойдаланаётган спортчилар, шунга даъват қилаётган, керак бўлса уларни мажбурлаётган мураббий ва мутасаддилар, афсуски, спортимизда йўқ эмас.
Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ҳукумат даражасигача кўтарилган бир вақтда, бундай «уддабуронларнинг» қилмишларини кузатиб бораётган ўзбек спорти келажаги бўлган ёш спортчилар орасидан етишиб чиқаётган авлоднинг умидлари сўнади, катта спортнинг оммалашиши ва ривожланиши оқсоқланади. Шу каби иллатлар йўқолмас экан бу ҳолатларга гувоҳ бўлаётган жамиятнинг ҳукуматга нисбатан ишончи ҳам тушиб бораверади.
Дастлабки йилларда шаклланган «Ғалаба ва медалларга эришиш учун барча воситалар яхши» деган зарарли психологиядан бугун мутлақо воз кечиш зарур. Чунки «барча воситалар» тушунчасига допинг истеъмол қилиш ҳам мазмунан тўғри келиб, допингчилар учун бу аллақачон оқловчи шиорга айланиб улгурган. Ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган қулай имкониятлардан самарали фойдаланиш ўрнига ўз мақсадлари йўлида «чўнтакларини» ўйлаб спортчиларни «қурбон» қилаётган мутасаддиларни асло кечириб бўлмайди. Зеро спорт мутасаддилари ҳар гал бизга допинг эвазига, яъни «спортча фирибгарлик» йўли билан қўлга киритилган шармандали ғалабалар ва сохта қаҳрамонлар керак эмас, улар мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонларидаги обрўсига путур етказади. Спортчиларимиздан фақат муносиб иштирок ва ҳалол баҳс талаб этамиз, деб бежиз такрор-такрор айтишмаяпти.
Шуни қўшимча қилмоқчиман, допинг истеъмол қилишда қўлга тушган спортчилар, уларнинг мураббийлари ва қўллаб-қувватлаган ёки эътиборсизлик қилган спорт ташкилотларининг мутасаддиларига нисбатан, унвони ва мансабидан қатъий назар тегишли жазо муқаррарлигини таъминлаш зарур.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтмоқчиман, агар спортимизга тегишли ҳар бир шахс допингчини қўллаб-қувватламай, ўзининг манфаати йўлида унга шарт-шароит яратиб, ҳалол спортчининг ризқини узмай, ўзига топширилган ишни ўша ҳалол спортчи розилиги учун қилса, мамлакатимизда спорт билан фаол шуғулланувчи қарийб тўрт миллион спортчига, шу жумладан, ногирон спортчиларга ҳам қилинган яхшиликнинг савобига эга бўлади.
Пировардида, барчаси энг асосий мезон – адолатга бориб тақалади. Адолат бўлса, ҳалол спортчилар ҳар қандай қийинчиликка чидайди, ҳар қандай жисмоний ва руҳий юкламаларга бардош беролади. Токи машаққатли меҳнатига яраша қадр кўради, давлатидан, жамиятидан, умридан рози бўлади. Бу – ўзбек спортида допингга қарши курашишда улкан силжишга имкон яратади.
ЎзА мухбири
суҳбатлашди.