Спортчи 2021 йил 7 майдан бошлаб, 2025 йил 6 майга қадар барча спорт тадбирларида иштирок этмайдиган бўлди.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 25 март куни Россия пойтахти Москва шаҳрида самбо бўйича «Мемориал Харлампиев» номли жаҳон кубоги баҳслари ўтказилган бўлиб, мазкур турнирда ўзбекистонлик самбочилар ҳам муносиб иштирок этиб, мусобақа якунига кўра, 2 та олтин, 6 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритишган эди. Ушбу халқаро турнирда -98 кг вазнда иккинчи ўринни эгаллаган Дилшод Чориевдан (спортча самбо) олинган допинг-синамада “мельдоний” тақиқланган моддаси аниқланганлиги сабабли текширув бошланган эди.
FIAS Халқаро самбо федерациясининг 2021 йил 23 июнь кунидаги маълумотига кўра, самбо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Дилшод Чориевнинг допинг-синамасида аниқланган “мельдоний” тақиқланган моддаси юзасидан FIAS Ахлоқ бўйича комиссияси якуний қарорни қабул қилди.
Ушбу қарорга кўра, FIAS Халқаро самбо федерациясининг Антидопинг қоидаларига мувофиқ, Дилшод Чориев 4 йил муддатга дисквалификация қилинди. Спортчи 2021 йил 7 майдан бошлаб, 2025 йил 6 майга қадар барча спорт тадбирларида иштирок этмайдиган бўлди.
Маълумот учун айтиб ўтмоқчимиз, Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг Тақиқланган рўйхатида мельдоний 2016 йилдан бери рўйхатнинг “S4. Метаболизм гормонлари ва модуляторлари” гуруҳига киритилган допинг моддасидир.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати