Олимпия ва Паралимпия ўйинлари яқинлашган сари терма жамоа аъзолари машғулотлар ҳажми ортмоқда.
Спорт мутасаддилари томонидан эса спортчиларга барча шароитлар яратиб берилмоқда. Мутахассислар спортчилар билан доимий ишлаб келмоқда, руҳан ва жисмонан тайёргарликни олиб боришмоқда. Токио-2020 Олимпиадасига тайёргарлик олиб бораётган терма жамоаларнинг аксарият қисми тоғ ва тоғолди ҳудудларда ўқув-машғулотларни олиб боришмоқда.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳам ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган спортчилар билан доимий алоқада бўлиб турибди. Уларга антидопинг қоидабузарликлари, допинг-синамаларни топшириш тартиби ва АДАМС тизими, рухсат этилган дори моддаларини қўллашда терапевтик истисно бўйича семинарлар ташкил этилиб, тушунтиришлар бериб борилмоқда.
Куни кеча агентликнинг Допинг синовларини режалаштириш ва терапевтик истиснолар бўлими ҳамда Антидопинг қоидабузарликлар ва АДАМС мониторинги бўлими ходимлари томонидан Тошкент вилояти Каранкул қишлоғида ўқув-машғулотларини олиб бораётган Ўзбекистон Rowing and Canoe федерацияси спортчилари, Жаҳон чемпионати ва Токио 2020 олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган Зокирова Нилуфар, Рахматова Дилноза, Турдиев Алишер, Агафонов Евгений ва бошқа эшкак эшувчилар билан суҳбат ўтказилди ва керакли тавсиялар берилди.
ЎзМАДАнинг асосий вазифаси спортчиларни допингсиз мусобақаларда қатнашиш учун асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Қолаверса, жамоатчиликни ва спортчиларни антидопинг қоидалари тўғрисида хабардор қилиш, допингга нисбатан нол толерантлик маданиятини шакллантириш ва спортда допингни олдини олишга асосланган қисқа, ўрта ва узоқ муддатли таълим дастурларини амалга ошириш ва қўллаб-қувватлашдир. Шунингдек, тестларни режалаштириш ва ўтказиш, антидопинг қоидаларини бузиш ҳолатларини текшириш, натижаларни қайта ишлаш ва бузилиш асослари бўйича эшитувлар ўтказишдан иборатдир.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати