Барча спорт ихлосмандлари орзиқиб кутаётган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси Япония пойтахти Токио шаҳрида XXXII ёзги олимпия ва ХVI паралимпия ўйинлари ўтказилади.
Ушбу икки спорт тадбирида мамлакатимиз шарафини янада юксалтиришга интилаётган спортчиларимиз учун кенг имконият, қулай шароитлар яратилмоқда.
Мазкур мусобақаларда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги спортчилар томонидан антидопинг қоидаларига қатъий риоя қилиниши устидан самарали назоратни амалга ошириб, Ўзбекистон спорт делегациясини антидопинг мавзуларига оид тегишли ўқув-ахборот материаллари ва турли кўргазмали маълумотлар билан таъминлаш каби вазифалар билан бевосита машғул бўлади.
Катта спорт тадбири олдидан Агентлик томонидан спортчиларимизни допингдан асраш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, спортчилар, мураббийлар ва спорт шифокорлари учун антидопинг ўқув-семинарлари ўтказилиб, допингга қарши курашга оид турли мавзуларда тақдимотлар, давра суҳбатлари уюштирилмоқда. Ушбу семинарлар бевосита спортчиларнинг ўқув-машғулот йиғинлари жойларида ҳамда карантин тартибини ҳисобга олган холда онлайн шаклда ҳам ташкил этилмоқда.
Бугун режага асосан, Агентликнинг Допинг синовларини режалаштириш ва терапевтик истиснолар бўлими ҳамда Антидопинг қоидабузарликлар ва АДАМС мониторинги бўлими ходимлари томонидан Тошкент вилояти, Янгиобод ўқув базасида ўқув-машғулотларни олиб бораётган Ўзбекистон бокс федерацияси спортчилари билан учрашув ўтказилди. Унда асосан, Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган спортчиларга антидопинг қоидабузарликлари, допинг-синамаларни топшириш тартиби ва АДАМС тизими, рухсат этилган дори моддаларини қўллашда терапевтик истисно бўйича тушунтиришлар берилди ва тарқатма ўқув-қўлланмалар тақдим этилди.
Ўйлаймизки бу каби ўқув-семинарлари ўз самарасини беради ва мамлакатни допингдан ҳоли ҳудудга айлантиришдаги самарали воситалардан бири бўлиб хизмат қилади.
Шу ўринда, Токио-2020 олимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган боксчиларимизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати