Спорт байрами ҳисобланган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига ҳам оз фурсат қолмоқда.
Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси бўлган ушбу икки спорт тадбирида мамлакатимиз шарафини янада юксалтиришга интилаётган спортчиларимиз учун кенг имконият, қулай шароитлар яратилмоқда. Уларнинг юқори марраларни эгаллаши эса халқмиз қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдиради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу йирик мусобақаларда спортчиларимизнинг ҳар томонлама тайёргарлиги ва муваффақиятли иштирокини таъминлаш, Олимпия ва Паралимпия ҳаракатларини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 25 июнь куни “2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги олимпия ва ХVI паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзоланган эди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳам спортчилар томонидан антидопинг қоидаларига қатъий риоя қилиниши устидан самарали назоратни амалга оширган ҳолда ўқув-семинарлар ўтказиб келмоқда.
Кеча агентлик ходимлари Тошкент вилояти Ангрен шаҳар Дукунт қишлоғида ўқув-машғулотларини олиб бораётган юнон рум ва эркин курашчилар билан учрашув ўтказишди. Унда, агентликнинг Допинг синовларини режалаштириш ва терапевтик истиснолар бўлими ҳамда Антидопинг қоидабузарликлар ва АДАМС мониторинги бўлими ходимлари томонидан спортчилар, мураббийлар ва спорт шифокорлари учун антидопинг ўқув-семинарлари ўтказилиб, допингга қарши курашга оид турли қўлланма материаллар тақдим этилди.
Бу каби амалий ўқув-семинарлар давом этади. Зеро, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги барча спортчиларга олдинда турган катта спорт тадбирида муваффақият тилайди ва мамлакат байроғини юксакларга кўтаришни тилаб қолади.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати