Токио-2020 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган устувор федерация ва ассоциация спортчилари ҳозирда сўнги ўқув-машғулот йиғинларини олиб боришаётган бўлса, бокс бўйича терма жамоа аъзолари Япония пойтахти Токио шаҳрига жўнаб кетишди ва охирги тайёргарликни Токиода олиб борадиган бўлишди.
Қолган федерациялар эса пандемия шароитини инобатга олган ҳолда, тоғ ва тоғ ёнбағриларида машғулотларини давом эттирмоқда.
Миллий антидопинг агентлиги ҳам олимпия ўйинларига тайёргарлик олиб бораётган спортчиларга яқиндан кўмаклашиш мақсадида қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, Агентлик ходимлари томонидан допинг тушунчаси, унинг инсон саломатлигига таъсири ва спортчи учун оқибати нималарга олиб келиши юзасидан ўқув-семинарлар ўтказишмоқда бу эса спортчиларнинг назарий билимларини мустаҳкамланишига сабаб бўлади десак муболаға бўлмайди.
Шундай устувор федерациялардан бири Ўзбекистон қиличбозлик федерациясидир. Ҳозирда терма жамоа аъзолари Тошкент вилояти Ангрен шаҳри «Дукент» спорт базасида сўнги йиғин машғулотларига киришган. Таъкидлаш лозим, бу сафарги олимпия ўйинларида федерация спортчилари ўзлари учун рекорд натижани қайд этишди. Сабаби Токио-2020 Олимпия ўйинларида Рио-2016 дан фарқли ўлароқ 3 нафар қиличбозимиз ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Булар, Шерзод Мамутов, Зайнаб Дайибекова ва Малика Рахимовалардир.
Куни кеча агентликнинг Допинг синовларини режалаштириш ва терапевтик истиснолар бўлими бошлиғи Гулноза Турсунова ҳамда Антидопинг қоидабузарликлар ва АДАМС мониторинги бўлими бошлиғи Нигора Азаматовалар томонидан спортчиларга билиб ёки билмасдан тақиқланган дори воситалари истеъмолидан огоҳ бўлиш, антидопинг қоидаларига қатъий риоя қилиш кераклиги бўйича тушунчалар беришди.
Шунингдек, ўқув-семинарда спортчилар билан бирга мураббийлар, спорт шифокорлари ҳам бевосита иштирок этишди ва семинар давомида допингга қарши курашга оид турли қўлланма материаллар тақдим этилди.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати