Токиодаги Олимпия қишлоғида яшаётганлар орасида коронавирус юқтириш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда ўйинлар ташкилий қўмитаси хабар тарқатган.
Қайд этилишича, хорижий миллий жамоалардан бирининг аъзоси топширган тест натижаси мусбат чиққан. Унинг шахсига оид маълумотлар ошкор қилинмаяпти. «Токио-2020» ташкилий қўмитаси бош котиби Тосиро Мутонинг сўзларига кўра, коронавирус ҳар кунлик тест натижасида аниқланган.
Аввалроқ Японияга келган жамоалар спортчилари ва аъзоларида коронавирус аниқланган, аммо бу ҳолатлар аэропортда ёки жамоаларнинг дастлабки жойлашган меҳмонхоналарида қайд этилганди. Бевосита Олимпия қишлоғида касаллик аниқланиши илк марта юз бермоқда.
Ҳозирга қадар Исроил, Уганда ва Сербия спортчиларида ҳамда Нигерия ва Россия миллий жамоаларига ёрдамлашувчи шахсларда коронавирус аниқланганди.
Аввалроқ, эпидемиологик вазият янада кескинлашгани сабабли Японияда фавқулодда вазият муддати 2 ойга узайтирилганди. Олимпия ўйинлари ташкилотчилари мусобақани томошабинларсиз ўтказишга қарор қилишганди.
Эслатиб ўтамиз Олимпиада ўйинлари 23 июлдан 8 августгача бўлиб ўтади.