Токио-2020 Олимпия ўйинларида биринчи антидопинг қоидабузарлиги қайд этилди
Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилаётган XXXII ёзги Олимпия ўйинлари қизғин давом этмоқда. Ушбу олимпиядада ғалаба, мағлубият ҳамда четлатишлар билан бирга антидопинг қоидабузарликлар ҳам учраб турибди.
Гап шундаки, Нигерия олимпия терма жамоаси аъзоси Блессинг Окагбаредан 19 июль куни олинган допинг-синамада синтетик ўсиш гормони тақиқланган моддаси аниқлангани сабабли у ўйинларда иштирок этишдан четлаштирилди. Натижада у 30 июль бўлиб ўтган 100 метр масофага югуриш бўйича Олимпиада яримфинал баҳсларида иштирок этолмади.
Эслатиб ўтамиз, 32-ёшли Блессинг Окагбаре Пекин-2008 Олимпия ўйинларининг кумуш медали соҳиби, 2013 йилнинг икки карра жаҳон чемпиони, 2021 йил 60, 100, 200 ва 400 метр масофага югуриш бўйича «Бриллиант лига»нинг босқичлари совриндоридир.
Маълумот учун айтиб ўтмоқчимиз, 30 июль куни спортчи Токио Олимпиадасида дастлабки югуришда 11,05 сония натижани қайд этган ва биринчи бўлган эди. Спорт мутахассисларининг фикрига кўра, ушбу допинг можаро Блессингнинг спорт карьерасига нуқта ясайди.