Хабарингиз бор, айни кунларда Япония пойтахти Токио шаҳрида XVI ёзги Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли мусобақада ўзбекистонлик паралимпиячилар ҳам медаллар учун кураш олиб бормоқда ва бугун вакилларимиздан пара сузиш бўйича Ислам Асланов 100 метр масофага баттерфлйай усулида сузиш бўйича эркаклар ўртасида 3 ўринни эгаллади ва делегациямизга дастлабки медальни олиб берди. Биринчи кундан медаль қўлга киритилиши эртага стартга чиқадиган спортчиларимиз учун ўзига хос ғалабага ундади десак муболаға бўлмайди.
Мусобақалар қизғин паллага кириб бораётган бир вақтда, Токио 2020 Паралимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган паралимпия спорт делегацияларининг бош шифокорлари учун амалий анжуман ва техник йиғилиш ҳам бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон паралимпия делегацияси бош шифокори Нодиржон Турсунов иштирок этди. Пандемияни инобатга олиб, онлайн ташкил этилган анжуманда замонавий паралимпия спорт тиббиётининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашинилди. Жумладан, бу борадаги Рио-2016 Паралимпия ўйинларида кузатилган ва қайд этилган спортчиларнинг касалликлари, жароҳатлари ва патологик ҳолатлари тўғрисида фикр юритилди ҳамда тақдимотлар намойиш этилди.
Ушбу анжуманда 150 дан ортиқ делегация бош шифокорлари ва тиббий ходимлар иштирок этишди. Анжуманнинг иккинчи қисми Паралимпиада мусобақаларини техник нуқтаи-назаридан ташкил этиш масалаларига бағишланди. Унда энг йирик ва спортчилар сонига кўра одатдагидай иштирокчилари кўп бўлган пара енгил атлетика мусобақаларини ташкил этиш, уларда тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа ташкилий масасалалар муҳокама қилинди.
Паралимпия ўйинлари бошланишидан аввал спорт делегациялари аъзоларидан Паралимпиада ташкилий қўмитаси томонидан допинг тестларни олиш йўлга қўйилган. Ўзбекистон паралимпия терма жамоасининг аъзолари Токиога етиб бориши билан 19 та допинг-синама топширишди, улардан 22 август куни 7 та, 23 август куни 9 та ва 24 август куни 3 та. Мусобақалардан олдин допинг-синамаларни топширишдан кўзланган асосий мақсад Токио-2020 Паралимпия ўйинлари олдидан допинг истеъмол қилган спортчиларни мусобақаларга қўймаслик ҳамда бу орқали ҳалол рақобат ва адолатли спорт тамойилларини таъминлашдир.
“Бизнинг паралимпиячиларимиз топширган барча 19 та допинг-синамалар допинг нуқтаи-назаридан тоза бўлиб, уларнинг биронтасида ҳам спортда тақиқланган моддалар аниқламади. Яъни, Ўзбекистон паралимпиячилари юксак натижалар ва соф ғалабаларга эришиш учун фақат ўзларининг имконияти ва кучи, иродаси, матонатига ишонишади. Биз эса уларга ишонамиз ва омад тилаймиз!”, - деди Ўзбекистон Паралимпия делегацияси бош шифокори Нодиржон Турсунов.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати