Токио-2020 паралимпия ўйинлари спортчиларимиз учун омадли кечмоқда.
Дастлаб, пара-енгил атлетиканинг Ф12 тоифасида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган Элбек Султонов бронза медалига сазовор бўлди. Унинг дастлабки уринишда қайд этган 15.94 метр натижаси якунда шоҳсупага кўтарилишига замин яратди. Таъкидлаш жоиз, бу Султонов учун янги шахсий натижа бўлди. Ғолиблик жаҳон рекордини ўрнатган испаниялик Ким Лопесга (17.04) насиб этган бўлса, украиналик Роман Данилюк (16.53) кумуш медалга эга чиқди.
Аёллар ўртасида пара-енгил атлетиканинг найза улоқтириш турида Ф13 классида ҳамюртимиз Нозимахон Қаюмова олтин медални қўлга киритди. Тажрибали спортчимиз 42.59 метр натижа билан биринчи бўлди.
Яна бир олтин медалини пара-енгил атлетикачимиз Моҳигул Ҳамдамова қўлга киритди. У Ф57 тоифасида диск улоқтириш баҳсида қатнашди ва 31.46 метр натижа қайд этди. Ушбу дастурда қатнашган бошқа ҳеч қайси спортчи бу кўрсаткичга яқин кела олмади ва Ҳамдамова Паралимпия ўйинлари чемпионига айланди.
Навбатдаги медални эса пара-пауэрлифтинг бўйича аёллар ўртасида -61 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Рўза Қўзиева қўлга киритди. Қувонарлиси, Рўза 130 кг тошни бўйсундирган ҳолда кумуш медалга сазовор бўлди.
Шундан сўнг, пара-дзюдочимиз Парвина Самандарова делегациямизга Токио-2020 Паралимпия ўйинларининг навбатдаги медалини тақдим қилди. -57 кг вазн тоифасида курашган вакилимиз финалда озарбайжонлик Севда Валиевага қарши баҳс олиб борди ва Самандарова вазари баҳоси билан имкониятни бой бериб қўйди ҳамда делегациямиз ҳисобига яна бир кумуш медални тақдим қилди.
Яна бир пара-дзюдочимиз Феруз Саидов делегациямизнинг бироз аввал якунланган баҳсда олтин медални қўлга киритди. -81 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган вакилимиз финалда қозоғистонлик Темиржан Даулетни иппон баҳоси билан мағлуб этиб, Паралимпия ўйинлари чемпионига айланди.
Шу тариқа делегациямиз ҳисобидаги олтин медаллар 4 тага етмоқда!