Хабарингиз бор Япония пойтахти Токио шаҳрида Паралимпия ўйинлари давом этмоқда.
IPC Халқаро Паралимпия қўмитасининг Токио-2020 Паралимпия ўйинлари давомида COVID-19 га қарши кураш бўйича махсус гуруҳи аъзолари билан онлайн учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда спорт делегация бош шифокорлари ва COVID-19 бўйича менежери (COVID Liasion Officer - CLO) коронавируснинг спорт делегациялари аъзолари орасида кенг тарқалишининг олдини олиш, эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.
Маълумки, Паралимпия ўйинларининг бошланиши Япония давлатида коронавирус инфекцияси тарқалишининг навбатдаги тўлқинига тўғри келди ва бу табиийки Паралимпиада қатнашчилари орасида коронавирус билан хасталанганлар ва позитив натижали ПЦР тестлар сонини ортишига олиб келди. Ҳозирги кунга келиб, кўплаб спорт жамоаларида 10% ва ундан ортиқ делегация жамоаларида COVID касаллиги тасдиқланиб улар ўрнатилган тартибда Токио шифохоналарига жойлаштирилган бўлса, ўртача 20-37% жамоалар таркибида кунлик топширилган ПЦР натижалари позитив чиққанлиги сабабли улар даражасига кўра Паралимпия шаҳарчасида ёки ундан ташқарида махсус ажратилган меҳмонхоналарда 7 кунлик карантин кузатуви учун жойлаштирилмоқда.
Бу борада IPC Халқаро Паралимпия қўмитасининг Токио-2020 Паралимпия ўйинлари давомида COVID-19 га қарши кураш бўйича махсус гуруҳи раиси Том Риккетс томонидан Ўзбекистон паралимпия спорт делегациясида эпидемиологик қийинчиликларга қарамасдан барқарор вазият сақланиб туриши, бугунги кунга кўра Паралимпия шаҳарчасида ва меҳмонхонада кузатув остига олинганлар бўлсада, лекин жамоада биронта тасдиқланган COVID-19 ҳолати қайд этилмагани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Бунга жавобан Ўзбекистон Паралимпия спорт делегациясининг бош шифокори Н.Турсунов 81 нафар аъзодан иборат жамоамиз Паралимпия шаҳарчасига ташриф буюрган кунидан бошлаб шахсий гигиенага риоя қилиш, ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, ўзаро мулоқотларни кескин камайтириш ва бошқа спорт делегацияларининг вакиллари билан бевосита алоқаларга киришмаслик, спортчилар ва мураббийларнинг овқатланишини умумий ошхонада эмас, балки ажратилган хоналарга етказиб истеъмол қилиш бўйича қатъий чораларни жорий этилиши, бунда жамоанинг тўғри фикрга эгалиги, бир ёқадан бош чиқариб мақсад сари интилиши ва юқори масъулият билан ёндашишга эришилган натижанинг асосий сабаблари деб билиши ҳақида фикр билдирди.
Дарҳақиқат, Халқаро Паралимпия қўмитасининг Тиббиёт департаменти берган ахборотига кўра, Токио-2020 Паралимпия ўйинларида 80 дан ортиқ иштирок этаётган давлатлар ичида Ўзбекистон делегацияси ҳозирда эпидемиологик вазияти энг барқарор давлатлар ўнталигидан жой олган.
Бундай мураккаб вазиятда албатта жамоамиз янада жипслашиб, қийинчиликларга қарамасдан юксак спорт натижаларига эришишига ишонамиз.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати