Японияда ўтказилаётган Паралимпия ўйинлари мусобақаларида бугунги кун дастурида ҳозирга қадар 6 нафар спортчимиз ўз иштирокини якунлади.
- Дастлаб, пара енгил атлетиканинг эркаклар ўртасида F41 классида ядро улоқтириш баҳслари ҳамюртимиз Бобуржон Омонов Паралимпия рекордини янгилаган ҳолда олтин медальга сазовор бўлди. Бобуржон 14.06 метр натижа қайд этди. Маълумот учун айтиб ўтмоқчимиз, бу борада жаҳон рекорди ҳам айнан Омоновга тегишли. Бобуржон БААда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 14.31 метр натижа қайд этган ҳолда рекорд ўрнатган эди.
- Яна бир вакилимиз Дониёр Салиев пара енгил атлетиканинг эркаклар ўртасида Т12 классида узунликка сакраш баҳсларида иштирок этди. Қизиқарли ва муросасиз кечган курашда ҳамюртимиз Дониёр Салиев 6.92 метр натижа қайд этди. Афсуски, бу медаллар учун бироз камлик қилди ва Дониёр мусобақани 4-ўринда якунлади.
- Пара сузишнинг S13 классида 200 метр масофага индивидуал комплекс усулида сузиш бўйича саралаш баҳсларда иштирок этган ҳамюртимиз Фирдавсбек Мусабеков стартга чиқди. Афсуски, у 2:18.78 дақиқа натижа билан маррага 5-бўлиб етиб келди ва саралашдан ўта олмаган бўлса, аёллар ўртасидаги баҳсларда эса икки нафар ҳамюртимиз – Шоҳсанамхон Тошпўлатова ҳамда Нигорахон Мирзоҳидова иштирок этди. Шоҳсанамхон 2:30.42 дақиқа вақт билан маррага биринчи бўлиб етиб келган бўлса, Нигорахон 2:40.44 дақиқа вақт билан 5-ўринда келди. Финал баҳсларига фақатгина Тошпўлатова йўл олди.
Аёллар ўртасида S13 классида 200 метр масофага индивидуал комплекс усулида сузиш бўйича финал баҳси бугун Тошкент вақти билан соат 15:42 да бошланади.
- Бироз аввал, пара енгил атлетиканинг F54 классида аёллар ўртасида ядро улоқтириш бўйича финал баҳслари ўз ниҳоясига етди. Эътиборлиси, бу йўналишда баҳсларда иштирок этган ҳамюртимиз Нурхон Қурбонова 7.77 метр натижа билан бронза медалга сазовор бўлди. Таъкидлаш керакки, бу натижа ядро улоқтириш бўйича Нурхоннинг ўз шаҳсий рекорди ҳисобланади.
Ушбу натижадан сўнг делегациямиз ҳисобидаги медаллар сони 14 тага етди: 5 та олтин, 4 та кумуш ва 5 та бронза.
Қолган спортчиларимизга ҳам омад тилаймиз. Олға Ўзбекистон!