У аёллар кураши бўйича жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистонда ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритган эди.
Бутунжаҳон антидопинг агентлиги ҳамда Халқаро кураш спорт турлари уюшмасининг хабарига кўра, ўзбекистонлик курашчи Мадина Усмонжонованинг (55кг) допинг-синамаларидан “фуросемид” тақиқланган моддаси аниқланди.
Ушбу модда Тақиқланган рўйхатнинг “S5. Пешоб ҳайдовчи моддалар ва яширувчи агентлар” синфига мансуб бўлиб, одатда ундан қисқа фурсатда вазн йўқотиш ёки бошқа тақиқланган моддаларни истеъмол қилганини яшириш мақсадида фойдаланилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, "фуросемид" моддаси М.Усмонжоновада икки марта – 2021 йил 15 апрелда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган аёллар кураши бўйича Осиё чемпионатида ҳамда 2021 йил 21 август куни ўқув-машғулот йиғинида олинган допинг-тестлар таркибида мавжудлиги аниқланган.
Ҳозирда Халқаро кураш спорт турлари уюшмасининг антидопинг хизмати томонидан ушбу ҳолат юзасидан текширув ва ўрганиш ишлари бошланган. Текширув якунига етгач спортчига қандай чора кўрилиши бўйича хабар берилади.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати