Бугун жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг кенг қатлами, айниқса ёшлар, аёллар ва кексаларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий саломатлиги асоси эканини тарғибот қилиш борасида муҳим ва долзарб вазифалар турибди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб одамларнинг спорт билан шуғулланишга, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Турли марафонлар ва мусобақаларнинг ўтказилиши ҳамда уларга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётгани шундан далолат беради.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 735-сон қарори билан ҳар йили 22 сентябрь Ўзбекистонда “Автомобилсиз кун” деб эълон қилинди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон Турсунов бошчилигидаги Агентлик ходимлари мазкур кунни юқори кайфиятда нишонлаш мақсадида соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда эрта тонгни жисмоний машқлар билан бошлашди.
Жумладан, пиёда юриш, эрталабки бадантарбия машғулотлари, шахмат мусобақаси ҳамда асли ватани Япония бўлган такиволи спорти билан ҳам шуғулланишди. Шахсий намуна кўрсатган ҳолда Н.Турсуновнинг ходимлар билан бир қаторда қизиқарли машғулотларда иштирок этгани эса ходимларга ўзига хос кайфият бағишлади.
Алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим, Агентлик ходимларининг асосий қисми спортга бегона бўлмаган кишилардан ташкил топган. Мисол учун Антидопинг қоидабузарликлар ва АДАМС мониторинги бўлим бошлиғи Н.Азаматова ҳам теннис бўйича спорт устаси ҳисобланади. У ўз ҳамкасбларига теннис сабоқларини ўргатиб келмоқда.
Бир сўз билан айтганда спорт соғломлик сари етаклайди, кайфиятни яхшилайди ва ақлий меҳнатдан толиққан инсонларга куч бағишлайди.
Маълумот ўрнида, бутун жаҳон бўйлаб Автомобилсиз кун ҳар йили 22 сентябрь куни ўтказилиб, инсонларни бир кун давомида автомобилсиз юришга бу орқали соғлом турмуш тарзига чорлайди. Бу йўналишдаги лойиҳалар 1973 йилдаги нефт инқирозидан сўнг вақти-вақти билан амалга оширилган бўлса, расман 1994 йил октябрь ойида Эрик Бриттон халқаро тадбирдаги маърузасида бунга чақирув эълон қилган эди. Бу ғоя 1955 йилдан бошлаб жаҳон бўйича норасмий тарзда ўтказилади ва Жаҳон Автомобилсизлик Тизими томонидан бошқарилади.
Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида ҳам “Автомобилсиз кун” доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, велосипедни транспорт сифатида оммалаштириш, шаҳар аҳолиси ўртасида экологик маданиятни тарғиб этиш мақсадида "Тунги велосайр" фестивали ташкил этилмоқда.