Тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси ҳисобланган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дунё бўйлаб оғир вазият бўлишига қарамай ўтказилди.
Ушбу ўйинларда асосий эътибор спортчиларнинг допинг истеъмол қилганини аниқлаш ва бу орқали ҳалол рақобатни юзага келтиришга қаратилди. Бунинг учун спортчилардан мусобақалардан олдин ва мусобақадан сўнг допинг-синамалар олинди. Мусобақадан олдин допинг-тестларини олишнинг асосий сабаби спортчи спортда тақиқланган моддаларни истеъмол қилмаганлигига ишонч ҳосил қилиш бўлган бўлса, мусобақадан сўнг эса олинганини сабаби совриндор спортчилар бевосита мусобақа жараёнида допинг истеъмол қилмаганлигини аниқлашдан иборат эди.
Шундай сай-ҳаракатлар амалга оширилишига қарамай айрим делегация вакиллари бунинг йўлини топишган. Токио-2020 Олимпия ўйинларида 4х100 метрли эстафета баҳсида кумуш медаль совриндори британиялик спринтер Чиджинду Уджнинг допинг-синамасида тақиқланган моддалар – селектив модуляторлар “остарин” ҳамда S-23 “масторин” аниқланган. “остарин” мушак атрофияси, “масторин” эса контрацептив восита сифатида даволашда қўлланилади, лекин иккала дори воситаси ҳам спортда тақиқланган рўйхатдан жой олган.
Спортчи ва унинг вакилларининг фикрига кўра, Уджнинг организмига ушбу допинг у истеъмол қилган спорт озуқалари ва биоқўшимчалар орқали кирган.
Мазкур вазиятни Олий спорт арбитраж суди (CAS) кўриб чиқадиган бўлди. Спортчининг айби суд томонидан тасдиқланса, нафақат Чижинду Удж, балки британиялик эстафета тўртлигининг ҳар бир аъзоси медаллардан маҳрум бўлади. Шунда канадалик спортчилар мос равишда иккинчи ўринга, хитойлик эстафетачилар эса учинчи ўринга кўтарилади.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати