Бугун Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги раҳбари Нодиржон Турсунов Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонасида ташкил этилган сайлов участкасига ташриф буюриб, мамлакатимиз президентлигига номзодлардан бирига ўз овоз берган ҳолда фуқаролик бурчидан фойдаланди.
"Сайловда иштирок этиш ҳар бир ватандошимизнинг нафақат конституциявий ҳуқуқи, балки фуқаролик бурчидир. Парижда жойлашган Ўзбекистон элчихонасида хизмат, ўқиш, саёҳат ва бошқа сабабларга кўра бу ерда бўлиб турган ватандошларимиз сайловда иштирок этишлари учун барча шароитлар яратилган экан. Қаерда бўлмайлик, ҳаммани сайловда фаол иштирок этишларини сўрайман", - дея таассуротлари билан ўртоқлашди Н.Турсунов.
Эслатиб ўтамиз, 25-28 октябрь кунлари Париж шаҳрида жойлашган ЮНЕСКО Бош қароргоҳида Спортда допингга қарши кураш Халқаро конвенциясига аъзо давлатлар анжуманининг VIII Сессияси бўлиб ўтади.
Сессияда мазкур Конвенцияга муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича бир қатор масалалар муҳокама қилиниб, унинг ишида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги бош директори, Марказий Осиё бўйича Минтақавий антидопинг ташкилоти (RADOCA) вице-президенти Нодиржон Турсунов ҳам иштирок этади.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати