Хабарингиз бор, жорий йилнинг 25 октябрь куни Париж шаҳрида бошланган ЮНЕСКО ташкилотининг Спортда допингга қарши курашиш бўйича халқаро конвенциясига аъзо-давлатлари томонидан VIII Сессиясининг якуний иш кунида Ўзбекистон антидопинг тизимига юқори баҳо берилди.
Сессия Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ўтказилди. Мамлакатимиз делегациясига Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги бош директори, ЮНЕСКО Конвенциясига муносиблик бўйича миллий платформаси (National Compliance Platform) раиси Нодиржон Турсунов раҳбарлик қилди. Маълумки, Конвенция аъзолари “UNESCO Anti-Doping Logic” махсус дастури орқали икки йилда бир марта Конвенция талаблари бажарилишининг сифати, ҳажми ва тўлиқлиги юзасидан ҳисобот тақдим этишади.
Ушбу ҳисоботда томонлар ўз мамлакатларида антидопинг ҳаракатининг ҳолати, антидопинг соҳасида асосий миллий регулятор сифатида миллий антидопинг ташкилотининг тутган ўрни, спортда допингга қарши курашиш борасида давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида ҳамда идоралараро ва халқаро ҳамкорлик, антидопинг таълим дастурларини жорий этиш, тарғибот ва ташвиқот ишлари, шунингдек, антидопинг тадқиқотларига оид Конвенцияда тартибга солинган барча масалалар юзасидан сўровларга жавобан батафсил маълумот берадилар.
Сессиянинг якуний куни яъни 28 октябрда бўлиб ўтган ЮНЕСКО анжумани давомида тақдим этилган ушбу ҳисобот асосида Сессия президиуми Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКО Спортда допингга қарши курашиш бўйича халқаро конвенцияси талабларига тўлиқ (100%) жавоб беради дея эътироф этди. Шу муносабат билан VIII Сессия президенти, жаноб Маркус Диаз Ўзбекистон Республикасига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, UNESCO Anti-Doping Logic махсус дастури таъсис этилганидан бери 2019 йилдаги биринчи ҳисобот натижаларига кўра Ўзбекистон 72% “қониқарли” муносиблик даражасини намойиш этган эди.
Шунинг билан, ЮНЕСКО ташкилотининг Спортда допингга қарши курашиш бўйича халқаро конвенциясига аъзо-давлатларининг тўрт кунлик VIII Сессияси ўз ниҳоясига етди.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати