Жорий йилнинг 12 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Юнусобод спорт мажмуаси”да катталар ўртасида самбо бўйича жаҳон чемпионатига старт берилган эди.
Жаҳон чемпионатининг биринчи кунида ўзбекистонлик самбочилар -50 кг вазн тоифасида Сабина Давлатова кумуш, -59 кг вазнли Ибодатхон Агожонова ҳамда +98 кг вазнли жанговар самбочимиз Ҳакимжон Исмоилов бронза медалини терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйишди. Чемпионатнинг иккинчи кунида эса биринчи кунга нисбатан яхши натижалар қайд этилди десак бўлади.
Эркаклар ўртасида -88 кг вазн тоифасида Ихтиёр Эшмуродов, шунингдек -58 кг вазнда жанговар самбочимиз Баҳодир Бакиев олтин медальга эга чиқишди. -79 кг вазн тоифасида Улуғбек Раҳмонов, ҳамда -64 кгда жанговар самбо йўналишида Ойбек Солиевлар кумуш медални қўлга киритишди.
Шу тариқа, ортда қолган икки кун давомида Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги медаллари сони 7 тага етди. Спортчиларимиз 2 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритишган. Бугун чемпионатнинг сўнгги куни доирасида яна 7 та вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлади.
Мазкур жаҳон чемпионатида спортчилардан допинг-синамаларни олиш Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигига ишониб топширилди. Агентлик бош директори Нодиржон Турсунов бошчилигидаги жамоа юқори кайфиятда фаолият олиб бормоқда.
Ўз навбатида Агентлик фаолиятини Халқаро самбо федерацияси (FIAS) антидопинг бўлими бошлиғи Камила Хажкова ҳам кузатиб бормоқда ва агентлик фаолиятини, ходимларнинг ўзаро уюшқоқлик билан иш олиб бораётганини юқори баҳолади.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати