Марказий Осиё бўйича Минтақавий антидопинг ташкилоти (RADO-CA)нинг навбатдаги онлайн йиғилиши бўлиб ўтди. Унда, 2022 йил 1 январдан бошлаб “Тақиқланган рўйхат”га киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар муҳокама қилинди.
Тадбирни RADO-CA менежери Венера Абдула ва Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Илмий-тадқиқотлар департаменти бошлиғи Чия Олбрайт олиб борди. Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги Бош директори Нодиржон Турсунов ва Антидопинг қоидабузарликлар ва АДАМС мониторинги бўлими бошлиғи Нигора Азаматовалар иштирок этишди.
2022 йил 1 январдан кучга кирадиган “Тақиқланган рўйхат”нинг янги таҳририда жами 5 ўзгартириш ва 4 қўшимчалар киритилган. Хусусан, эндиликда спортчилар организмида аниқланган анаболиклар ташқи ва ички анаболикларга ажратилмаслиги, глюкокортикоидларни мусобақадан ташқари ҳамда мусобақа даврида истеъмол қилиш тартиби ўзгарди.
“Тақиқланган рўйхат-2022” ва унга шарҳлар Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари томонидан тез кунларда ўзбек тилида тайёрланиб спортчилар, мураббийлар ва спорт шифокорлари эътиборига ҳавола этилади.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати