Спортнинг барча турлари билан шуғулланувчилар учун жисмоний машқлар ғалабага элтувчи асосий омил ҳисобланади.
Баъзи спорт турлари учун эса биологик фаол қўшимчалар, спорт озуқаларини истеъмол қилиш ҳам талаб этилади, лекин бундай озуқаларнинг ҳаммаси ҳам спортда рухсат этилмаган яни тақиқланган бўлиши мумкин.
Ҳамюртимиз оғир атлетика бўйича ёшлар терма жамоаси аъзоси Мафтуна Исмоилова Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг “Миллий тест рўйхати”га киритилган бўлиб, режали тарзда допинг-назоратидан ўтиши белгиланган. Исмоилова жорий йилнинг ноябрь ойида ўқув-машғулот йиғини давомида топширган допинг-синамасида “оксандролон” ва “станозолол” тақиқланган анаболик гормонал моддалар аниқланди. Ҳозирда ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланган.
Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) Халқаро тестлаш ва тергов-суриштирув бўйича стандарти талабларига асосан, М.Исмоилова жорий йилнинг 8 ноябрь кунидан бошлаб мазкур ҳолат Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги (ЎзМАДА) томонидан тўлиқ ўрганилиши ва тегишли қарор чиқазилгунга қадар спорт фаолиятидан вақтинча четлаштирилади.
Маълумот учун шуни айтиб ўтиш жоизки, “оксандролон” ва “станозолол” моддалари кўп ҳолатларда турли биологик фаол қўшимчалар таркибида учрайди, лекин ишлаб чиқарувчилар томонидан йўриқномада ёки маҳсулотнинг қадоғида бу ҳақида маълумот берилмайди. Шунинг учун текширилмаган, ишончсиз биологик фаол қўшимчалар, спорт озуқаларини истеъмол қилишда спортчиларимиз эътиборли бўлишлари зарур.
Эслатма! Антидопинг қоидаларини бузган спортчилар, мураббийлар, шифокорлар ва бошқа шахсий таркиб вакиллари учун жазо муқаррардир!.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати