Бўлажак чемпионларимиз катта ютуқларга эришиши, мамлакат байроғини юксакларга кўтариши учун тиним билмай ҳаракат қилишади. Мусобақаларда ҳалол йўл билан ғалабага эриш эса энг асосий вазифа ҳисобланиши лозим.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳам спортчиларни допингсиз, ҳалол ғалабаларга эришиши учун федерациялар, спорт таълим муассасалари ҳамда Олий таълим муассасаларида спорт фаолияти билан шуғулланаётган спортчилар ва спорт мураббийларига допингни инсон саломатлигига таъсири тўғрисида ўқув-семинарлар ташкил этиб келмоқда.
Жумладан, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети “Жисмоний маданият” кафедраси талабалари учун “Допингнинг тарихи. Допингнинг организмга салбий таъсири” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.
Мазкур семинарда Агентликнинг Антидопинг таълим дастурлари бўлими бошлиғи З.Ю.Газиева ва бош мутахассис Л.О.Эгамбердиевалар спортда допинг қўлланилишининг олдини олиш ва допингга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенция, Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва бошқа халқаро антидопинг стандартлари талабларига риоя этилиши бўйича қирқдан ортиқ спортчи талабаларга маълумотлар беришди.
Шунингдек, допинг спортда рақобатбардош спортчиларнинг спорт кўрсаткичларини оширувчи, тананинг жисмоний ёки психологик фаоллигини вақтинча оширувчи, ноқонуний дори воситаларини қўллаш, организмга ножўя таъсир кўрсатадиган ва махсус аниқлаш усуллари мавжуд бўлган биологик фаол моддалар, спорт кўрсаткичларини мажбурий ошириш усуллари ва кўп сонли дори-дармонлар машғулот ёки мусобақа пайтида спортчилар учун тақиқланган мақомига эга эканлигини тушунтиришди.
Семинар давомида спортчилар допинг тўғрисида қай даражада тушунчага эга эканликларини аниқлаш мақсадида тарқатма тестлар ҳам берилди. Ўқув-семинар якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилишди ва керакли тавсияларни олишди.
Унутманг, мусобақаларда ҳалол йўл билан ғалаба қозониш ҳар бир спортчи олдида турган энг катта вазифадир!
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати