Маълумки, Бутунжаҳон антидопинг кодексининг янгиланган 2021 йил таҳририда спорт турлари бўйича Халқаро федерацияларининг антидопинг қоидабузарликларига йўл қўйган ўша спорт турлари бўйича давлатлардаги миллий федерацияларига нисбатан назорат функциялари, масъулияти ва мажбурий жавобгарликка тортиш механизми жорий этилган.
Бу нормани Халқаро триатлон федерацияси (World Triathlon) Россия триатлон федерациясига тегишли спортчилар билан боғлиқ допинг ҳолатлари кўп учраётгани сабабли қўллашга мажбур бўлгани таъкидланмоқда.
Санкциялар бир йил муддатга берилган ва бу муддат ичида ташкилот қўйган талабларининг бажарилиши юзасидан Россия триатлон федерацияси ҳар чоракда ҳисобот бериб туриши лозим бўлади. Санкциялар кучга кирган даврда Россия ҳудудида триатлон бўйича биронта ҳам халқаро мусобақа ўтказишга рухсат берилмайди.
Бундан ташқари, россиялик спорт мутасаддилари триатлон бўйича Европа ёки халқаро ташкилотларда лавозимга тавсия этилмайди. Шу вақтгача эгаллаб турганлари эса лавозимдан озод этилишларига тўғри келади. Шунингдек, Россия триатлон федерацияси World Triathlon га белгиланган пул жаримасини ҳам 2022 йил 1 январга қадар тўлаб бериши шартлиги таъкидланган.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати