Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3457-сонли қарорига мувофиқ ташкил этиглан Агентлик самарали фаолият олиб бормоқда. Агентликнинг асосий вазифаси спортчиларнинг допингсиз мусобақаларда қатнашиш учун асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги бошқа ҳар қандай антидопинг ташкилоти сингари Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) билан иш фаолиятини олиб боради.
2019 йилда WADA томонидан тузилган аудит гуруҳи Агентликнинг жойлашиши, ташкилий тузилмаси, молиялаштирилиши ҳамда операцион фаолияти юзасидан қатор камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифларни билдирганди.
Мана орадан икки йил ўтиб ушбу давр мобайнида амалга оширилган ишлар, хусусан, ходимлар сони, молиялаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамланиши, мақсадли допинг-тестлаш ҳамда қон допинг-тестлашни йўлга қўйилгани Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКО Спортда допингга қарши курашиш бўйича Халқаро конвенцияси ҳамда Бутунжаҳон антидопинг кодекси талабларига тўлиқ риоя этади деган хулоса беришга асос бўлди.
Ўз навбатида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мураккаблиги бўйича турли пешоб ва қон допинг-синамаларини машғулотлар ва мусобақалар давомида спортчилардан йиғиб хорижий антидопинг лабораторияларига юбориш ҳуқуқини яна бир бор мустаҳкамлаб олди.
Шундай қилиб, аккредитация 3 йилга берилган бўлиб, бу муддат ичида мамлакатимиз спортчилари исталган халқаро мусобақаларда давлат байроғи ва мадҳияси янграган ҳолда иштирок этиши, шунингдек Ўзбекистонда турли халқаро спорт тадбирларини ўтказиши мумкин бўлади.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати