Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги (ЎзМАДА) кўплаб хорижий ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган.
ЎзМАДА Қозоғистон, Туркия ва кўплаб Миллий антидопинг агентликлари билан турли йўналишларда ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Онлайн Зоом платформаси орқали Бутунжаҳон антидопинг агентлиги масъул ходимлари билан Агентлик бош директори Нодиржон Турсунов ўртасида мулоқот ўтказилди.
Маълумки, спортчилар юксак натижаларни қайд этиши ҳамда ҳалол йўллардан фойдаланиши ва тақиқланган моддаларни истеъмол қилмаслиги учун тегишли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилиши зарур. Бундай тадбирларнинг замонавий шаклларидан бири - электрон таълим платформаси орқали мақсадли гуруҳларни ўқитиш ва саводхонлигини оширишдир.
Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) нинг ADEL электрон антидопинг таълим платформаси инглиз ва француз тилларида ишлаб чиқилган платформадир. ЎзМАДА WADA билан бу соҳада ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзолади. Унга кўра, WADA ADEL электрон платформасининг контенти ЎзМАДА мутахассислари томонидан тўлиқ ўзбек тилига ўгирилиб, WADA ADEL платформасига юкланади.
Мазкур платформада ўзбек тили дастури яратилгандан сўнг ўзбекистонлик спортчилар, мураббийлар, спорт тиббиёти ходимлари, спортчиларнинг ота-оналари ва спорт ташкилотлари мутасаддилари ушбу платформадан масофадан туриб фойдаланишлари мумкин бўлади.
Ўз навбатида бу платформада қандай ишланади деган ўринли савол туғилиши мумкин. Машғулотлар ва мусобақалардан чалғимаган ҳолда компьютер, планшет ҳамда мобил илова орқали фойдаланишлари ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавобларни исталган вақтда топиш имконияти яратилади. WADA ADEL электрон ўқув дастурини муваффақиятли ўтаган фойдаланувчиларга белгиланган шаклда электрон гувоҳнома (сертификат) тақдим этилади.
Маълумот учун айтиб ўтмоқчимиз, мазкур платформада ўзбек тили контенти яратилгандан сўнг унда ишлаш бўйича қўшимча маълумотлар ва видео-ролик тақдим этилади.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати