Таниқли италиялик велопойгачи Данило Ди Лука допинг истеъмол қилганини тан олди.
«Джиро д'Италия» кўп кунли велопойга ғолиби Данило Ди Лука уч марта допингда қўлга тушиб, умрбод дисквалификация қилинди. Ўзининг «Ғалаба қозониш учун туғилган шайтонлар» номли китобида велоспорт юлдузи бутун спорт фаолияти давомида тақиқланган моддалардан фойдаланганини таъкидлайди. «Мен ҳеч нарсадан пушаймон эмасман. Мен биринчи бўлиб финишга етиб келиш мақсадида алдадим ва фирибгарликка қўл урдим. Агар ҳамма нарсани бошқатдан бошлаш имкони бўлганда эди, мен яна шу ишларимни такрорлардим», — деб ёзади Ди Лука.
— Мен тестостерон, ЭПО ва кортизон истеъмол қилганман. Шифокор менга расмий рецептни ёзиб беролмасди, шу сабабли керакли тақиқланган дори воситаларини мен ўзим фитнес-клублар ва интернет орқали излаб топардим. Бу фаолиятимнинг бир қисми деб ҳисоблайман ва агарда сен қўлга тушсанг – қаердадир ҳисоб-китобинг панд бериб қўйган.
Бироқ бир кун келиб, Ди Лука ҳисобида адашди. Гап шундаки, ЭПО тақиқланган моддасини 8 соат ичида эмас, балки 24 соат ичида аниқлайдиган янги усул яратилгани ҳақида кўпчилик спортчиларнинг ҳабари йўқ эди. Шунинг учун 2013 йилда Ди Лука кечки уйқудан олдин ўзига ЭПО инъекциясини қилиб, эрталаб соат 8:00 да хавотирланмасдан допинг-офицерларни кутиб олган. Лекин бу сафар топширган допинг-тести ижобий натижа берган.
— Допинг – мақсадга ва чиройли хаётга эришиш қироли, — деб ўйлайди велопойгачи. — Допинг ёрдамида кафолатли ғалаба қозонасиз. Ғолиб эса катта миқдорда пул мукофотини олади, шунингдек, ўз жамоаси ва хомийларга пул ишлашга кўмаклашади. Велосипед менга барча ҳаётимдаги бор нарсани берди...
Биласизми, қизиғи шундаки, худди шу фикр ҳар қандай жиноятчи учун туртки ва ўзининг хатти-ҳаракатларини оқлаш сифатида хизмат қилади. Бу вазиятда асосий нарса унинг заиф фикрлари эмас, балки инсон ўз ҳаётида яхши кўриб интилган барча нарсалардан бирданига маҳрум этилиш фожиасидир.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати