Жаҳон спортида допинг масаласи доимий тарзда муаммо бўлиб келмоқда. Бир қатор мамлакатлар, спортчилар унинг таъсирида нуфузли мусобақаларнинг медаллар жамланмасидан қуруқ қолмоқда, чемпионатлардан четлатилмоқда.
Бу эса мамлакатларнинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатиш билан катта миқдордаги жарималар исканжасига туширмоқда.
Ўзбекистонда допинг муаммосининг ечими, унга қарши самарали курашиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Юртимиз спортчиларини допинг балосидан асраш борасида нима ишлар қилинмоқда? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон Турсунов билан суҳбатлашдик.
– Допинг масаласи долзарб муаммо. Айтинг-чи, спортда допингни бутунлай йўқ қилиш мумкинми?
– Фикримни сиёсий арбоб, нотиқ, ёзувчи Цицероннинг «Ноҳақ йўлда ғалаба қозонгандан кўра, ҳақ йўлда мағлуб бўлган афзал», деган сўзи билан бошламоқчиман. Замонавий спортда допинг билан боғлиқ турли можаролар авжига чиққанлиги ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйди. Бу бир томондан, спортчиларни допинг моддалари истеъмолига бўлган мойиллиги ортаётгани бўлса, иккинчидан, допинг ҳолатлари тез фурсатда ошкора қилиниши, антидопинг лабораторияларининг аниқлаш услублари аввалгилари билан солиштирганда жадал мукаммаллашиб боришидадир.
Спортда допингга қарши курашиш, нафақат Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги балки, кенг жамоатчиликнинг ҳам вазифаси ҳамдир. Аммо допинг муаммоси спортда шунчалар ўрнашиб олганки, уни йўқ қилиш учун агентлик ёки бошқа идоранинг на инсоний, на молиявий ресурслари етади. Умуман олганда, миллий антидопинг агентликлари соҳада тартибга солувчи регулятор вазифасини ўташ учун ташкил этилади. Улар фаолиятининг асосий йўналишлари, бу – спортчилардан допинг синамаларни йиғиш, унинг саломатликка кўрсатадиган салбий оқибатлари ҳақида маълумот тарқатиш ва "допингчилар"ни спортдан четлаштиришдир.
– Миллий спортимизда допинг муаммосининг ечимини қаердан изламоқ лозим, деб ҳисоблайсиз?
– Энг аввало, «замонавий ўзбек спортининг ютуқларини кўролмайдиганлар кўп, улар спортчиларимизга қарши турли фитналар уюштириб, допингда асоссиз айблашяпти», каби бузғунчи фикрдан қайтиш ва вазиятни танқидий таҳлил қилиш лозим. Ҳалол спортчини ҳеч ким, бирон қудратли ташкилот асоссиз равишда допингда айблай олмайди.
Мисол учун, бизга яқин давлатлардан бири – сал кам ўн йилдан бери масалани конструктив ечимидан кўра, уни сиёсийлаштиришни афзал кўрди ва ҳалигача мураккаб вазият қуршовидан чиқолмаяпти. Ваҳоланки, Халқаро олимпия ва паралимпия қўмиталари ҳамда халқаро спорт федерациялари томонидан ушбу давлатнинг спортчилари ва мутасаддиларига қарши қўйилган барча допинг айбловлар бўйича қўзғатилган қирқдан ортиқ ишлар Олий спорт арбитраж судида ўрганилиб, ўз тасдиғини топган.
Иккинчидан, бошқа соҳалар каби спортда ҳам соҳага бевосита алоқаси йўқ манфаатлар ва уларни қондириш йўлида содир этилаётган коррупцион ҳаракатларга қарши курашиш лозим. Бу қанчалик ҳайратланарли туюлмасин, лекин спортда допинг истеъмоли ва коррупция муаммолари чамбарчас боғлиқ. Айни кўринишни масалан, «спортчи – мураббий – спорт федерацияси» занжири мисолида кузатишимиз мумкин. Ҳеч кимга сир эмас, нафақат йирик ғалабага эришган спортчи, балки унинг мураббийи ва тегишли спорт федерациясининг раҳбарлари ҳам давлатимиз томонидан юксак эътиборга олиниб, уларга турли мукофотлар, қимматбаҳо совринлар, унвону даражалар, имтиёзу имкониятларни тақдим этиш ҳавас қилса, арзигулик одатга айланган. Энди фараз қилайлик, агар спортчи ушбу ғалабасини допинг ҳисобига қўлга киритган бўлса, унда нима бўлади? Спортчи нималардан маҳрум бўлади? Бу ҳолатда у Бутунжаҳон антидопинг кодексига асосан маълум муддатга спортдан четлаштирилади, холос. Лекин у ва унинг атрофидаги шахслар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди, уларга туҳфа этилган барча имтиёзлар ва мукофотлар ўз эгасида қолади, уларнинг бу фирибгарлик қилмишларига нисбатан жамиятимиз томонидан норозилик билдирилмайди. Аксинча, кўплаб ҳолларда оммавий ахборот воситаларида уларнинг «матонати», «ватанпарварлиги» ва «қаҳрамонлиги» ҳақида тарғибот-ташвиқот материаллари узатиб борилади.
Натижада «улкан» мақсад йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслик, давлат ва жамият манфаати ва обрўсидан ўз шахсий манфаатини юқори қўйиш кайфияти аллақачон устунлик қила бошлаганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
– Спортдаги коррупцион ҳолатларга қандай қарайсиз?
– Бугун коррупция ҳақида қанча гапирмайлик, ҳар қандай жамиятда унга қарши курашнинг оддий ечими бор. Мамлакатда қонунлар ва жавобгарлик ҳамма учун тенг бўлиши, ҳеч ким жазодан қочиб қутилмаслиги лозим. Халқимиз ғирромлик эвазига мақсадга эришишни кескин қоралайди. Шунга қарамасдан допингдан фойдаланаётган спортчилар, шунга даъват қилаётган мураббий ва бошқа мутасаддилар афсуски, йўқ эмас. Ўзбекистонда бундай "уддабурон"ларнинг қилмишларини ўз номи билан таърифлаганда, жиноий фирибгарликларини кузатаётган кейинги авлоднинг ҳалол спортчи ва мураббийларининг умидлари сўнишига таъсир кўрсатади.
«Адолатли спорт», «шаффоф баҳс», «олимпия руҳи», «ҳалол рақобат» тушунчалари бузилиб, ғайритабиий тусга айланади. Катта спортнинг оммалашиши ва ривожланиши оқсоқланади. Шу боис допинг ва коррупция эгизак тушунчалар бўлиб, жамиятнинг, мамлакат ривожининг кушандалари ҳисобланади.
– Ҳозирги кунда бирон спортчида допинг аниқланса, фақатгина ўзи жазоланади. Бошқалар эса четда қолиб кетаверади...
– Дарҳақиқат, спортчининг допинг истеъмолида бошқа шахсларнинг алоқаси мавжуд бўлса-да, кўпинча спортчи «мардлик» кўрсатиб, ҳамроҳлари ҳақидаги маълумотни ошкор қилишни истамайди. Ваҳоланки, суриштирув жараёнига спортчи ёрдам берса, ҳолатни яширмаса, ҳамкорлик қилгани учун Бутунжаҳон антидопинг кодекси ҳамда Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларига мувофиқ унга бериладиган дисквалификация (спортдан четлаштириш муддати) анча юмшатилиши кўзда тутилган. Вазиятнинг иккинчи томони, спортчига нисбатан чиқарилган қарордан қатъи назар, юқорида зикр этилган меъёрий ҳужжатларга асосан, тегишли спорт федерацияси, Миллий олимпия ва Паралимпия қўмиталари допинг аниқланган вазият юзасидан қўшимча ўрганишни ташкил этиши ва ўтказилган ўрганиш натижасига кўра, айбдор шахсларга нисбатан турли чоралар кўрилиши кўрсатилган.
Бу ҳаракатларнинг барчаси спортда допинг истеъмоли учун жазо муқаррарлигини таъминлаб, спортчилар ўртасида допингни тарқалиши, бу масалада таваккалчиликка йўл қўйилиши, нопок ғалабага эришишни олдини олишда хизмат қилади.
Аммо, спорт ташкилотлари баъзида ушбу вазифани бажармасдан, ўзи хоҳламаган ҳолда допинг қоидабузарларига шерик бўлмоқда. Ачинарлиси, мазкур «шерикчилик», «ҳаракатсизлик» тегишли халқаро спорт федерациялари, Халқаро олимпия ва паралимпия қўмиталари, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан мониторинг қилиб борилади ва миллий ҳамда глобал антидопинг ҳаракатининг ривожи йўлидаги уларнинг ўрни тўғрисида салбий хулосалар чиқаради. Шунинг учун барча миллий спорт федерацияларини ҳамда Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталари таркибида допинг қоидабузарликларини ўрганиш тузилмаларини ташкил этиш ва бу йўналишда фаолиятни тизимли йўлга қўйиш лозим.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, допинг истеъмол қилишда қўлга тушган спортчилар, уларни тарбиялаган мураббийлар ва қўллаб-қувватлаган ёки эътиборсизлик қилган спорт ташкилотларининг мутасаддиларига нисбатан, уларнинг унвони ва мансабидан қатъи назар, тегишли жазо муқаррарлигини таъминлаш зарур. Агар айрим мутасаддилар допингга олиб келадиган вазиятларни қўллаб-қувватламай, ўз вазифасини ҳалол спортчилар манфаати учун бажарса, мамлакатимизда оммавий ва профессионал спорт билан фаол шуғулланувчиларга қилинган яхшиликнинг савобига эга бўлади.
Бу халқни рози қилиш, ҳалоллик ва адолатни таъминлашга, энг муҳими, допинг муаммосини енгишда катта кўмак вазифасини бажаради.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Т.Рўзиев суҳбатлашди, ЎзА