Ҳалол спортчилар, жонкуяр мураббийлар, ватанимизнинг спортда эришган халқаро обрўсига бефарқ бўлмаган ватандошларимизга мурожаат қилиб шуни айтмоқчиманки, допингдан ҳоли муҳитни яратиш, допингли спорт каби бузғунчи мафкурани енгиш ва спортимизни допингдан озод қилиш фақат курашлар орқали қўлга киритилади.
Шундай экан, агар биз ҳафсаламизни пир қилсак, сукут сақласак ё қўрқсак, оддий спортчининг қадри ҳеч қачон баланд бўлмайди. Спортчининг юксак марраларни забт этиши учун тенг шароитларга эга бўлиш ҳуқуқи, адолат йўқолади. Чунки адолат ҳар қандай тартибсизликка қарши энг самарали воситадир.Айрим допинг истеъмолчилар ва уларни қўллаб-қувватловчиларнинг миллий спортимиз ва кенгроқ олганда, давлатимиз шаънига қарши нопок ҳаракатларига йўл қўймайлик. Допинг ёрдамида натижаларга эришаётган ҳар бир "спортчи" юзлаб ҳалол спортчиларимизнинг умидини сўндиради, умр орзусига хиёнат қилади. Допингга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий билимимизни оширайлик. Миллатимиз, ёш спортчиларимиз, фарзандларимизнинг эртанги куни учун тинмайлик. Ҳаммаси ўз қўлимизда!.