Бугун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлигида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигида бир неча йиллардан буён яъни 2018 йилда агентлик ташкил топгандан шу кунга қадар бош директор лавозимида самарали фаолият олиб борган Нодиржон Турсуновни кузатув маросими бўлиб ўтди.
Йиғилишни Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов олиб борди ва Нодиржон Ботировичга самарали иш фаолияти давомида орттирган обрў-эътибори, мамлакатимизда ҳалол спортни тарғиб қилиш йўлидаги сай-ҳаракатлари учун раҳбарият ва ўз номидан миннатдорчилик билдирди.
Ўз навбатида, Таълим дастурлари бўлими бошлиғи Зебиннисо Газиева, Бош ҳисобчи Маҳмуда Гофурова, Антидопинг қоидабузарликлар ва АДАМС мониторинги бўлими бошлиғи Нигора Азаматова ва Ахборот хизмати раҳбари Ҳумоюн Омоновлар N.Tursunovga кўп йиллик меҳнатлари давомида ходимларга самимий муомиласи, меҳнаткашлиги ва жамоа билан ишлашдаги тажрибаларини эътироф этишди.
Шундан сўнг, Нодиржон Ботировичга миннатдорлик рамзи сифатида ўзбек миллий қадриятларимизга ҳурмат бажо келтирган ҳолда зар тўн, эсдалик совғалари ва гулдаста тақдим этилди.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги жамоаси Нодиржон Турсуновга келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилайди!.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги
Ахборот хизмати