Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги спортда допинг қўлланишининг олдини олиш ва допингга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Миллий антидопинг агентлиги Бутунжаҳон антидопинг кодекси, халқаро антидопинг стандартларига асосланган миллий антидопинг қоидалари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини таъминлайди.
Агентликнинг Антидопинг қоидабузарликлари ва АДАМС мониторинги бўлими томонидан спортчиларнинг АДАМС тизимидаги шахсий профилларини мониторинги амалга оширилади. Халқаро ва миллий тоифадаги спортчиларга шахсий профилларини юритиш бўйича мазкур бўлим томонидан кўрсатмалар бериб келинади. Спортчилар ўрнатилган тартибда АДАМС тизимидаги маълумотлар базасини шакллантириб, ўз вақтида йиллик календарь асосида юритиб боришлари талаб этилади.
Жумладан, Самбо бўйича жаҳон чемпиони, бир неча бор мамлакат ва халқаро мусобақалар ғолиби халқаро тоифадаги спорт устаси Баҳодир Боқиев ҳам АДАМС тизимидан рўйхатдан ўтказилган. Унинг шахсий профилида маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш мақсадида Миллий антидопинг агентлигига ташриф буюрди. АДАМС платформасида ишлаш бўйича амалий кўникмаларини ошириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида бўлим бошлиғи Нигора Азаматова томонидан керакли тушунча ва тавсиялар берилди.
Маълумот учун айтиб ўтмоқчимиз, (ADAMS) The Anti-Doping Administration & Management System – бу допинг тест рўйхатига киритилган спортчиларнинг маълумотларни (яшаш манзили, машғулот вақти, мусобақалар графиги ва бошқа фаолиятлари) тўплаш ва сақлаш учун онлайн дастур ҳисобланади. АДАМС тизимидаги маълумотлар махфийлиги кафолатланади.
Миллий антидопинг агентлиги
Ахборот хизмати