Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва Миллий паралимпия қўмиталари томонидан тасдиқланган «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлашда допинг қўлланилишини олдини олиш ва допингга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида»ги дастурга мувофиқ тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, айни кунларда пойтахтимиздаги «Юнусобод» спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Ушбу Осиё биринчилигида 21 давлатдан, умумий ҳисобда 250 дан ортиқ полвонлар чемпионлик учун баҳс олиб боришмоқда. Спортчилар билан бирга делегация раҳбарлари ва мураббийлар штаби ҳам пойтахтимизда меҳмон бўлиб турибди.
Шу сабабли Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари томонидан хорижлик мутахассислар ва спортчилар учун «Антидопинг қоидабузарлик турлари ва допинг- назоратини амалга ошириш тартиби» тўғрисида хорижлик ва маҳаллий мутахассисларга ўқув-семинар ўтказилди.
Семинар якунида Халқаро Оғир атлетика федерацияси вакиллари ва ташкилий қўмита мутасаддилари ҳамкорлик учун ўз миннатдорчилигини билдирди ва Агентлик мутахассислари мамлакатда ҳалол спорт тарғиботини амалга оширишдаги самарали фаолияти учун сертификатлар билан тақдирланди.
Маълумот учун айтиб ўтмоқчимиз, Осиё чемпионати 25 июлга қадар давом этади ва мазкур чемпионатда мамлакатимиз шарафини 34 нафар иқтидорли спортчиларимиз ҳимоя қилишади.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги бўлажак чемпионларимизга олдинда турган мусобақада омад ёр бўлишини тилаб қолади!
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги
Ахборот хизмати