Ўзбекистон Миллий антидопинг aгентлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва Миллий паралимпия қўмиталари томонидан тасдиқланган «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлашда допинг қўлланилишини олдини олиш ва допингга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида»ги дастурга мувофиқ самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Дастурга мувофиқ, шу кунларда Ўзбекистон Миллий антидопинг aгентлиги бош директори А.Садиков, Спортни ривожлантириш вазирлиги мутахассиси У.Жўраев, Агентлик бўлим бошлиқлари Н.Азаматова ва Ш.Мавлоновлар Сурхондарё вилоятида бўлиб турибди.
Ташрифдан кўзланган мақсад олис ҳудудларда спортга берилаётган эътибор қай даражада эканлигини билиш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда антидопинг соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш борасида ўрганиш ишларини олиб боришмоқда.
Жумладан, мутасаддилар дастлаб Термиз шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бўлишди. У ерда спортчиларга яратиб берилган шароитлар билан танишишди. Шундан сўнг, Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби, Жарқўрғон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Термиз шаҳрида жойлашган Дзюдо федерацияси қошидаги Дзюдо мактаблари фаолиятини ўрганишди. Ўрганиш давомида спорт базаларидаги тиббиёт хоналари аҳволи, қандай дори воситалари мавжудлиги, тақиқланган моддалар ва биологик фаол қўшимчалардан фойдаланиляптими ёки йўқлиги кўздан кечирилди.
Шунингдек, режага мувофиқ ўқув-семинар ҳам ташкил этилди ва спортчилар, спорт шифокорлари ҳамда мураббийларга антидопинг қоидабузарлик турлари бўйича семинар ўтказилди.
Сурхондарёга ташриф якунида вилоятдаги барча спорт таълим муассасаси раҳбарлари иштирокида ЗООМ платформаси орқали онлайн йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш давомида мутасадди раҳбарларга керакли тушунтириш ишлари олиб борилди ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги
Ахборот хизмати