Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Миллий антидопинг aгентлиги бош директори А.Садиков, Спортни ривожлантириш вазирлиги мутахассиси У.Жўраев, Агентлик мутахассислари С.Турсунова ва А.Мансуровалар хизмат сафари билан режага мувофиқ, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларига ташриф режалаштирилган эди.
Жиззах вилоятига сафар давомида вилоятдаги спорт таълим муассасаларида спортчиларга яратилган шароитлар билан танишилди, профилактика мақсадида спортчилар қандай қўшимча маҳсулотларни истеъмол қилмоқда, улар истеъмол қилаётган дорилар таъқиқланган рўйхатга киритилмаганми шуларни билиш мақсадида тиббиёт хоналари кўздан кечирилди ва керакли тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг, Агентлик мутахассислари томонидан мураббийлар, спорт шифокорлари ва спортчиларга антидопинг ўқув-семинари ўтказилди.
Ташриф сўнгида вилоятдаги спорт муассасалари раҳбарлари ва мутасадди ходимлари иштирокида онлайн йиғилиш ҳам ташкил этилди. Йиғилишда спортчиларнинг допингсиз мусобақаларда қатнашиши учун керакли тавсиялар беришга ва халқаро майдонларда спортчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Агентлик доим ёрдамга тайёр эканлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги томонидан амалга оширилаётган бу ишларнинг барчаси мамлакатимиз байроғини халқаро майдонларда юқори кўтараётган спортчиларимизни саломатлигини асраш йўлидаги сай-ҳаракатдир.
Унутманг, допингга қарши кураш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз бўлиши лозим!
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги
Ахборот хизмати