Хабарингиз бор Ўзбекистон Миллий антидопинг aгентлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги раҳбар ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳ вилоятларда хизмат сафарида бўлиб қайтишди.
Режага мувофиқ, мос равишда дастлаб Сирдарё ва Жиззах вилоятларига боришган бўлса, навбатдаги манзил Самарқанд вилояти бўлди.
Самарқандга сафар давомида бу ердаги спорт таълим муассасаларида ҳам спортчиларга яратилган шароитлар билан танишилди, шу билан бирга профилактика мақсадида спортчилар қандай қўшимча маҳсулотларни истеъмол қилмоқда, улар истеъмол қилаётган дорилар таъқиқланган рўйхатга киритилмаганми шуларни билиш мақсадида тиббиёт хоналари кўздан кечирилди ва керакли тушунтиришлар берилди.
Анъанага мувофиқ мутахассислар томонидан мураббийлар, спорт шифокорлари ва спортчиларга антидопинг ўқув-семинари ўтказилди.
Ташриф сўнгида вилоятдаги спорт муассасалари раҳбарлари ва мутасадди ходимлари иштирокида онлайн йиғилиш ҳам ташкил этилди. Йиғилишда спортчиларнинг допингсиз мусобақаларда қатнашиши учун керакли тавсиялар беришга ва халқаро майдонларда спортчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Агентлик доим ёрдамга тайёр эканлиги таъкидланди.
Бу каби ўрганиш ишларини олиб боришдан кўзланган асосий мақсад спортчилар ҳалол йўл билан, допингсиз соф ғалабаларни қўлга киритишга кўмаклашишдир.
Унутманг, допингга қарши кураш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз бўлиши лозим!
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги
Ахборот хизмати