Сўнги йилларда мамлакатмизда жисмоний тарбия ва спортга ҳукумат даражасида эътибор берилмоқда. Бунинг замирида эса спортчиларимиз халқаро майданларда юртимиз байроғини юксакларга кўтариб келишмоқда. Айниқса, алоҳида таъкидлашимиз лозим паралимпиячиларнинг сўнги Токио олимпиадасида қўлга киритган ғалабалари таҳсинга лойиқ.
Ўзбекистон Миллий антидопинг aгентлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва Миллий паралимпия қўмиталари томонидан тасдиқланган «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлашда допинг қўлланилишини олдини олиш ва допингга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида»ги дастур тасдиқланган.
Дастурга мувофиқ, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг асосий вазифаси спортчиларнинг допингсиз мусобақаларда қатнашиш учун асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Шу мақсадда Агентлик мутахассислари устувор ҳисобланган федерация ва ассоциацияларга борган ҳолда антидопинг ўқув семинарларини ўтказиб келишмоқда.
Жумладан, бугун Агентлик ходимлари Пара дзюдо бўйича Тошкент вилояти «Ширинбулоқ» спорт базасида ўқув машғулотларини олиб бораётган терма жамоа аъзоларига допинг нима, унинг инсон саломатлигига салбий таъсири, допинг тарихи ва терапевтик қўллаш бўйича ўқув-семинарини ўтказишди.
Семинар давомида спортчилар ва мураббийлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди ҳамда мутахассислар томонидан керакли тавсиялар берилди.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги
Ахборот хизмати