Спортчилар турли дори воситаларни истеъмол қилиш ёки даволаш услубларини қўллашни талаб этувчи касалликлар ва ҳолатлар билан хасталанишлари мумкин. Агар ушбу касаллик ёки ҳолатни даволаш учун спортчи Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) нинг Тақиқланган рўйхатига киритилган модда ёки услубдан фойдаланиши зарур бўлса, ТИ расмийлаштириш орқали спортчи мусобақа даврида зарур бўлган модда ёки услубдан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу вазиятда спортчи антидопинг қоидабузарликда айбланмайди ҳамда табиийки унга нисбатан ҳеч қандай жазо чораси қўлланилмайди.
Терапевтик истисно рухсатини олиш учун аризалар малакали шифокорлардан иборат Терапевтик истиснолар бўйича комиссия томонидан кўриб чиқилади. Миллий антидопинг агентликлари, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳузуридаги Терапевтик истиснолар бўйича комиссиянинг рухсатномалари фақат миллий тоифадаги спорт мусобақалари ҳамда ўқув-машғулотлар даврларида кучга эга ҳисобланади.
Терапевтик истисно рухсатини олиш учун қандай тамойиллар мавжуд?
WADAнинг Халқаро терапевтик истиснолар бўйича стандартининг 4.2-моддасига асосан, қуйидаги тўрт тамойил мавжуд бўлиши шарт:
ушбу тақиқланган модда ёки услубдан фойдаланган холда даволаниши зарур бўлган касаллик спортчида мавжудлиги аниқланган;
ушбу даволаш мақсадида қўлланган модда, барча эҳтимолларни ҳисобга олган холда, спортчининг одатдаги натижадорлиги ёки ишчанлигини сезиларли даражада яхшиланишига олиб келмаслиги аниқланган;
ушбу тақиқланган модда ёки услуб – бу муайян касалликни даволаш учун белгиланган ва бошқа альтернативаси мавжуд бўлмаган ягона модда ёки услублиги аниқланган;
ушбу тақиқланган модда ёки услубдан фойдаланиш эҳтиёжи аввал ундан (ТИ рухсатномасисиз) фойдаланганлигини оқибати эмаслиги аниқланганда.
Ким томонидан, қаерда ва қачон ти аризаси тақдим этилади?
Антидопинг қоидалари талабларига бўйсуниши лозим бўлган спортчилар тақиқланган моддани истеъмол қилиши ёки тақиқланган услубдан фойдаланиши учун аввал ТИ рухсатномасини олиши зарур. Сиз Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги билан uznada.uz@mail.ru электрон почтаси ёки +99895 1995501, 1996601 телефон рақамлари орқали боғланиб, ТИ рухсатномасини олиш мақсадида қайси ташкилотга мурожаат қилиш лозимлигини, аризани ретроактив равишда киритиш мумкинлиги тўғрисида маълумот олишингиз мақсадга мувофиқдир.
Авваламбор, даволанишингиз учун буюрилган моддалар ёки услублар WADA Тақиқланган рўйхатидан ўрин олган ёки олмаганлигини текширинг. Тақиқланган рўйхатни Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг www.uznada.uz ёки Агентликнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлари ёки WADA нинг веб-сайтидан (www.wada-ama.org) юклаб олишингиз мумкин.
Сиз антидопинг қоидаларига риоя қилишингиз шартлиги ҳақида ўз шифокорингизни огоҳлантиришингиз керак. Сиз ва шифокорингиз Сизга буюрилган модда ёки услубни Тақиқланган рўйхат бўйича текширишингиз зарур. Агар ушбу модда ёки услуб тақиқланган бўлса, унинг ўрнини босувчи тақиқланмаган модда ёки услубни қўллаш юзасидан шифокорингиз билан маслаҳатлашинг. Сизга буюрилган модда ёки услубнинг альтернативаси мавжуд эмас холда ТИ рухсатномасини олиш учун мурожаат қилинг. Бунинг учун жавобгарлик спортчининг зиммасидалигини унутманг.
Сиз қўшимча маълумот ёки амалий ёрдамга эҳтиёж сезсангиз, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги билан боғланишингиз мумкин. Сўнгра Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги билан боғланиб, ўзингизнинг тоифангиз (миллий ёки халқаро) ҳамда ТИ рухсатномасини олиш учун белгиланган талабларни аниқлаб олинг. Агар Сиз миллий тоифадаги спортчи бўлсангиз (яъни бирон марта халқаро спорт мусобақасида иштирок этмаган бўлсангиз), ТИ рухсатномасини олиш учун Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигига олдиндан мурожаат қилишингиз лозим, фавқулодда вазиятлар ва ҳолатлар бундан истисно. Агар Сиз халқаро тоифадаги спортчи бўлсангиз (яъни халқаро спорт мусобақасида иштирок этган бўлсангиз), ТИ рухсатномасини олиш учун шуғулланаётган спорт турингиз бўйича Халқаро спорт федерациясига олдиндан мурожаат қилишингиз лозим, фавқулодда вазиятлар ва ҳолатлар бундан истисно. Фақат мусобақа даврида тақиқланган моддалардан фойдаланиш юзасидан ТИ рухсатномасини олиш учун кейинги мусобақа бошланишидан 30 кун аввал мурожаат қилишингиз лозим. Мурожаат йўллаш учун «Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигига ТИ мурожаатини йўллаш» саҳифасига эътибор қаратинг.