Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармаси томонидан вилоятдаги спорт-таълим муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари ҳамда тренерлари иштирокида “Спорт врачларининг асосий вазифалари”, “Спортда допингга қарши курашиш муаммолари” мавзуларида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Вилоят миқёсида ўтказилган семинарда Тошкент вилояти Спортни ривожлантириш бош бошқармаси мутасаддилари сўзга чиқишди ва йиғилиш иштирокчиларига семинар юзасидан маълумотлар берилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг Антидопинг таълим дастурлари бўлими бошлиғи Севара Турсунова ҳамда Терапевтик истиснолар бўлими мутахассиси Фотима Абдураҳимовалар томонидан допингни спортдаги салбий оқибатлари, спортчиларда тақиқланган дори воситалар тўғрисида тўлиқ тушунчалар берилди.
Семинар сўнгида спорт тиббиёти ходимлари ҳамда тренерлар томонидан спортчиларни юқори натижаларга эришишлари учун қандай витаминлар истеъмол қилиниши, спортчиларимиздаги ўзгаришларга қай тарзда илмий жиҳатдан ёндашиш зарурлиги, допинг офицерлари томонидан қайси вақтда спортчилардан допинг тест олиниши юзасидан йўлланган саволларга мутахассислар томонидан тўлиқ жавоб берилди.