Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳудудларга борган ҳолда антидопинг ўқув-семинарларини ўтказиб келмоқда.
Навбатдаги семинар Бухоро ва Навоий вилоятларида ўтказилди. Мазкур семинарда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги бош директори А.Садиков, Спортни ривожлантириш вазирлиги мутахассиси У.Жўраев ва агентлик ходимлари томонидан “Спортда допингга қарши курашиш муаммолари” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди ва ўрганиш ишлари олиб борилди.
Дастлаб, Бухоро вилоятидаги спорт таълим муассасаларида спортчиларга яратиб берилган шароитлар, спортчилар қандай дори воситаларини истеъмол қилаётганлиги, бу дори воситалари тақиқланган рўйхатда мавжуд эмаслиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Шундан сўнг, вилоятдаги спорт таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган мураббийлар, спорт шифокорлари ва мутасаддилар иштирокида ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда спорт тиббиёти ходимлари ҳамда тренерлар томонидан спортчиларни юқори натижаларга эришишлари учун қандай витаминлар истеъмол қилиниши керак эканлиги, спортчилардаги ўзгаришларга қай тарзда илмий жиҳатдан ёндашиш зарурлиги, допинг офицерлари томонидан қайси вақтда спортчилардан допинг тест олиниши ҳамда АДАМС платформасига киритилган спортчилар ўз вақтида профилларини тўлдириб боришлари лозимлиги тушунтирилди.
Ўқув-семинар давомида масъул ходимлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилиш онлайн ва офлайн тарзда ташкил этилган бўлиб, спорт таълим муассасаларини ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддиларга керакли топшириқ ва тавсиялар берилди.