Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 декабрдаги “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–423-сонли қарори билан Республикада киберспорт расман алоҳида спорт тури сифатида эътироф этилди.
Мазкур қарор билан киберспорт турлари бўйича республика ва халқаро чемпионатлар ва турнирлар ташкил этиш, шунингдек, нуфузли халқаро ва минтақавий мусобақаларда муносиб иштирок этиш вазифалари белгиланган.
Шунингдек, мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлигига ҳам қатор вазифалар юклатилган. Жумладан, “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш чора-тадбирлари дастури”да Агентлик томонидан киберспортда допингга қарши курашиш ишларини такомиллаштириш, антидопинг таълим дастурлари ва ўқув-услубий адабиётларини ишлаб чиқиш ҳамда киберспортчилар томонидан антидопинг қоидаларига қатъий риоя қилиниши устидан самарали назоратни амалга ошириш вазифалари белгилаб қўйилган.
Ушбу вазифаларни самарали ва ўз вақтида бажариш мақсадида Агентликда мутасаддилар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори А.Садиков ва Ўзбекистон киберспорт ассоциацияси раҳбари Д.Жўраев ва бошқа мутасадди ходимлар иштирок этишди.
Учрашув давомида киберспорт соҳасида янги ўқув-услубий адабиётлар яратиш ва доимий равишда антидопинг ўқув-семинарларини ўтказишга келишиб олинди.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, мазкур спорт тури мамлакатимизда ёш бўлишига қарамай Ўзбекистон чемпионати баҳслари ҳам ўтказиб келинмоқда ва мамлакат терма жамоаси ҳам шакллантирилган бўлиб, доимий равишда халқаро мусобақаларда яккалик ва жамоавий баҳсларда иштирок этиб келмоқда.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати