Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинлари яқинлашиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида спортчилардан кўпроқ машғулотларни олиб боришни талаб қилади.
Машғулот кўлами ошган сайин спортчиларда зўриқиш, бунинг ортидан эса жароҳатлар орттириб олиш табиий. Бундай вазиятларда йўқотилган энергия ўрнини қоплаш учун истеъмол қилаётган дори воситалар ва қўшимча озуқалар таркибида Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан тақиқланган рўйхатга киритилган моддалар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш лозим.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги томонидан республикада фаолият олиб бораётган спорт шифокорлари, мураббийлар ва мутасаддилар иштирокида узлуксиз касбий таълимни таъминлаш мақсадида антидопинг малака ошириш курси ташкил қилинмоқда.
Навбатдаги антидопинг малака ошириш курси Фарғонада ўтказилди. Тўрт кунга мўлжалланган 24 соатлик малака ошириш курсида 90 нафар тингловчиларга сертификатлар топширилди. Ушбу малака ошириш курсида антидопинг таълим дастурлари, терапевтик истиснолар, АДАМС тизими ва допинг синама олиш жараёнида спортчи ва унинг вакилининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтириб ўтилди.
Малака ошириш курсида иштирок этган тингловчиларга Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги томонидан сертификатлар топширилди. Бу каби малака ошириш курслари республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилади.