Дунё бўйича деярли барча мамлакатлар амал қилиши лозим бўлган бир қатор халқаро норматив ҳужжатлар мавжуд. Булардан бири Бутунжаҳон антидопинг кодексига қўшимча равишда тасдиқланган “Спортда допингга қарши кураш тўғрисида”ги халқаро Конвенциядир.
2005 йилнинг 19 октябрь куни қабул қилинган Конвенциянинг асосий мақсади тинчлик ва хавфсизликка кўмаклашишга ҳисса қўшиш, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолиятида допингни олдини олиш ва уни бартараф этиш мақсадида спортда допингга қарши курашишдир.
Мазкур Конвенция қоидаларига амал қилиниши бўйича ҳар икки йилда бир маротаба Франциянинг Париж шаҳрида ЮНЕСКО ташкилотига аъзо 195 дан ортиқ давлатлар вакиллари иштирокида сессия ўтказилади.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлигида мазкур масалага алоқадор бўлган вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ишчи йиғилиш ташкил қилинди.
Йиғилишда, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигидан вакиллар иштирок этишди.
Ишчи йиғилиш раиси Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги директори А.Садиков Конвенциянинг асосий мақсади, унда кўрсатилган бандлар бўйича амалга оширилган ва бажарилиши лозим бўлган масалаларга тўхталиб ўтди.