Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-149-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Агентлик зиммасига қатор вазифалар юкланди. Жумладан, халқаро ҳамкорликни ривожлантирган холда, республикада ва хорижда ўтказиладиган мусобақаларда допинг-синамалар олиш ҳуқуқига эга бўлган халқаро тоифадаги допинг офицерларни Халқаро тест агентлигида (International Testing Agency) ўқитишни йўлга қўйиш вазифаси юклатилган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида ВАДАнинг Халқаро тест агентлиги (ITА) халқаро допинг офицерларни ўқитиш ва малакасини ошириш маркази томонидан 3 нафар агентлик мутахассиси ўқитилди ва Халқаро тоифадаги допинг офицер мақомига эга бўлди.
Энди ЎзМАДАнинг халқаро допинг офицерлари жорий йилда Ханчжоуда (Хитой) Осиё ўйинлари ҳамда Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ҳамда халқаро нуфузли мусобақаларда допинг офицер сифатида иштирок этишади.