Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–149-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан агентлик зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган. Жумладан, антидопинг назорати ва мониторинги соҳаларини рақамлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш шулар жумласидандир.
Бунда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда допинг-тест ва допинг назоратини ташкил қилиш, спортчилар ҳақида маълумотларни тўплаш ва сақлашга оид спортчининг “биологик паспорти” (АБП) онлайн тизимини жорий этиш, спортчилар учун антидопинг таълим электрон платформасини яратиш ҳамда босқичма-босқич Спортда тақиқланган моддаларни текшириш миллий платформасини жорий этиш назарда тутилган.
Мазкур топшириқ ижросини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Агентлик директори А.Садиков ва агентлик ходимлари Н.Эшқувватов, А.Мансуровалар ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги масъул ходимлари иштирок этишди.
Йиғилишда мазкур лойиҳаларни амалга ошириш ва мамлакатда антидопинг назорати ва мониторинги соҳаларини рақамлаштиришни йўлга қўйиш борасида фикр мулоҳазалар юритилди. Спортчилар учун антидопинг таълим электрон платформаси ва Спортда тақиқланган моддаларни текшириш миллий платформаларини яратишда my.gov.uz портали билан интеграция қилиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Антидопинг таълим электрон платформаси ишга туширилгандан сўнг терма жамоа ва халқаро мусобақаларда иштирок этувчи спортчилар ушбу платформадаги ўқув курсларни тамомлаши ва махсус сертификатларга эга бўлиши, бу орқали эса мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиши белгилаб қўйилади.
Бу эса ўз навбатида спортчилар халқаро мусобақаларда улардан допинг синамалар олиш жараёнидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ англашига ҳамда антидопинг қоидаларига тўлиқ риоя қилишларига сабаб бўлади.